Мақола

Ибн Батутта.  Ҳабибулла Зайниддинов


Marta o'qildi

Ибн Батутта. Ҳабибулла Зайниддинов

 

«Мен шаҳарга етиб келиб, унинг ташқарисида тўхтадим. Ҳамроҳларимдан бири шаҳар қозиси Садр Абу Хафс ал-Бакри деган кишининг ҳузурига йўл олди. У менга ўз ноиби Нурил Исломни юборди. Нурил Ислом келиб мен билан саломлашиб ҳол-аҳвол сўрашгач, ўз хўжасининг олдига қайтиб кетди. Шундан сўнг қози ўз одамлари ҳамроҳлигида келиб мен билан кўришди. Ўзи ёш эрса-да, хизматлари улуғ бўлган қозининг икки ноиби бор эди, бири ҳозир эслатилган Нурил Ислом, иккинчиси эса, Оллоҳ таолога эътиқоди устивор ва фиқҳ илмини сув қилиб симирган Нуриддин ал-Кирмонийдир. Қози билан учрашув чоғимизда у менга шундай деди: “Шаҳримизда азбарои одам кўплигидан йўл топиб юришингиз амримаҳолдир. Шу боис ноибимиз Нурил Ислом бошчилигида тонгга яқин кира олурсиз”. Рози бўлмасликка иложимиз қолмади. Биз кимсасиз бир мадрасага қўндик. Бомдод номозидан кейин ҳузуримизга юқорида номи қайд этилган қози ва у билан шаҳарнинг мартабали кишилари ҳам ташриф буюрдилар. Улар орасида мавлоно Ҳумомиддин, мавлоно Зайниддин ал-Мақсадий, мавлоно Риойиддин ал-Ридовий, мавлоно Жалолиддин ал-Имодий ва Хоразм амирининг имоми Шамсид дин ас-Синджорийлар ҳам бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳурматга муносиб одамлар эди… » (Н. Иброҳимов. Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳатлари. М. “Наука”, 1988 йил. 74-бет.)

Ушбу сатрлар шарқшунос олим Н. Иброҳимов томонидан нашрга тайёрланиб, 1988 йили Москвада чоп этилган «Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳатлари» номли китобига тааллуқлидир. Ибн Баттута ҳақидаги бу китоб биринчи марта нашр этилган бўлиб, унда сайёҳнинг ҳаёти ва сафар таассуротлари баён қилинади.

Ибн Баттутанинг тўлиқ номи Шамсиддин Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ал-Лаватий ат-Танжий бўлиб, 1304 йили Марокашдаги Танжир шаҳрида, ўрта ҳол оилада дунёга келган. Ўз шаҳрида саводини чиқаргач, илмга чанқоқ сайёҳ 1325 йили Маккага йўл олади. Мунаққид Н. Иброҳимовнинг ёзишича, йигирма етти йиллик саёҳати давомида Ибн Баттута юзлаб катта-кичик шаҳарлар, қишлоқларда бўлиб, Шимолий ва Ғарбий Африка, Арабистон ярим ороли, Испания, Туркия, Эрон, Шарқий Европа, Ўрта Осиё, Ҳиндистон ҳамда ниҳоят Хитойга саёҳат қилган. Бу эса роппа-роса 150 минг километрлик масофани ташкил этади. Агар ўша давр назари билан қаралса, ҳар қадами хавф-хатарларга тўла машаққатли бўлган ўша оғир йўлни босиб ўтиш кишидан сабр-матонат талаб қилар эди.

Ибн Баттута қадами етган ҳар бир мамлакатнинг шубҳасиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётига, маданиятига алоҳида эътибор берган. Кўрган-кечирганларидан ташқари эшитганларини ҳам ўз назар-эътиборидан қочирмаган. Айниқса, унинг Қора Денгиз орқали Қримга, сўнгра Олтин Ўрда пойтахти Сарой Беркага келгандаги фаолияти Н. Иброҳимов китобида тарихий далиллар асосида батафсил ёритилган. Лекин биз учун буюк сайёҳнинг 1333 йилнинг бошларида Ўрта Осиёга қилган сафари қимматлироқдир.

Мақоламизнинг бошида сайёҳнинг Хоразм пойтахти кўҳна Урганчга етиб келиб, унинг қозиси томонидан кутиб олинишига иқтибос берган эдик. Хуллас, сайёҳ машҳур тарихий шахс Қутлуғ Темур билан кўришгани ҳақида ёзади:

«Хоразм амири дарҳақиқат исми-жисмига монанд киши эди. У, султон Муҳаммад Ўзбекнинг она томонидан холасининг ўғли бўлиб, унинг улуғ амирларидан бири эди. Айни вақтда у Хуросоннинг волийси (ҳокими) ҳамдир. Унинг ўғли Ҳорунбек султон Муҳаммад Ўзбекнинг қизига уйланган…

Қози мен билан кўришгани келганда шундай деди: «Амир сени кўргани келмоқчи эди, бироқ тоби қочиб қолди. Кейин мен амирдан ҳол-аҳвол сўрагани қози билан бирга жўнадим.

Биз амирнинг уйига келдик ва ҳашаматли меҳварига (девонхонаси) кирдик. Хоналарга ўймакор дурадгорлар жило берган. Биз гумбази ўймакори нақшлар

билан безатилган кичик уйга кирдик. Деворларига ранго-ранг палаклар ёзилган, шипларига шоҳи зардўзлар илиб қўйилган. Амир шоҳи кўрпачада ўтирарди, оёғини, боди қўзигани учун кўрпага ўраб олган эди. Бу касаллик турклар орасида кенг тарқалган. Бориб амир билан кўришдим ва у мени ўз ёнига ўтқазди. Шунингдек, қозилар ва фақиҳлар ҳам ўтиришди. Амир фотиҳ Муҳаммад Ўзбек ҳақида суриштирди. Боёлун хотун (Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхоннинг хотини, Константинополь қироли Ласкариснинг қизи) ва унинг отаси ҳамда Қустантания шаҳри ҳақида ҳам сўради. Мен унга билганимча ҳаммасини сўзлаб бердим. Кейин таомлар тортилди. Қовурилган товуқ, турна ва каптарлар, бўғирсоқлар, мойли кулчалар ва турли қандолатлар келтирилди. Ундан сўнг баркашда тилла ва кумуш тахсимчаларга солинган ҳўл мевалар узатилди. Уларда пўстлоғи тозаланган анорлар бўлиб, ёнида тилла ва ёғоч қошиқлар ҳам бор эди. Бир қанча ироқи чинни идишлардаги узум ва ажойиб қовунлар кишининг иштаҳасини очиб юборарди.

Амир жорий этган одатлардан бири шу эдики, у ҳар куни қозининг қабулхонасига келиб, ўзига ажратилган курсига ўтирарди; унинг билан бирга фақиҳлар ва котиблар ҳам келардилар. Қозининг рўбарўсига эса, бош амирлардан бири ўтиради, унинг ҳузурида ёрғучи деб аталадиган саккиз нафар сара турк амир ва шайхлари бўлади; буларнинг ҳузурига одамлар даъво-дасторлар билан келадилар. Диний ишларга тааллуқли жанжалларни қозининг ўзи ҳал этади, бошқа масалаларни эса, ҳалиги амирлар кўриб чиқадилар. Улар ишларни тўғри ва адолатли ҳал этар, ҳеч бир масалада зинҳор қизиққонлик қилмас, пора олмас эдилар. Муддаийлар ҳам шунга кўникиб қолган эдилар, деб ёзади Баттута ўз сафарномасида.

Шубҳасиз, бу сўзлар XIV асрда, Ўзбекхон замонасида, ислом дини Олтин Ўрда жамияти юқори табақасининг ҳукмрон идеологияси бўлиб қолгандан кейин ҳам суд ишларининг бир қисми ҳамон ёрғучилар қўлида, яъни мўғулларнинг одатдаги қонуни бўлган Чингизхон ясоси асосида ҳукм қилувчи судъялар қўлида бўлганлигини яққол кўрсатади. Аммо ана шу ясо асосида иш кўриш давом этишига қарамай, бу ерда шариатнинг ва унинг намояндалари бўлган қозиларнинг ҳам таъсири бениҳоя кучли бўлганлигини асар давомида пайқаш қийин эмас.

Шунингдек, Ибн Баттута Хоразм амири Қутлуғ Темурни одил, фуқаропарвар, унинг завжасини, яъни Тўрабек хотунни диёнатли, тавфиқли деб таърифлар экан, буларнинг сайъи ҳаракатлари билан кўҳна Урганч ва Хоразмнинг бошқа талай жойларида олиб борилган юксак қурилишлар, ободонлаштириш ишларининг адоғи йўқлигини, ўша даврларда то Чингизхон истилоси (1221 йил)га қадар Хоразмда аҳоли қандай зич бўлган бўлса, Қутлуғ Темур даврида ҳам шундай аҳоли зич яшаганлигини, ҳатто тонгдан шомгача одам тирбанд ҳаракат қилганлиги туфайли шаҳар гўё чайқалиб турган денгизга ўхшашлигини алоҳида мамнуният билан ҳикоя қиладики, бу тафсилот кўз олдимизда маданияти ҳар томонлама камол топган, савдо ишлари ривожланган қудратли давлатни гавдалантиради.

Сайёҳ Хоразмдан оқиб ўтадиган Амударёга ҳам эътиборини қаратиб: «…Хоразмнинг шундоқ ёнидан жаннатдан ато этилган тўрт дарёдан бири — Жайҳун дарёси оқиб ўтади. Бу дарё Итилга (Волга) ўхшаб кетади», — деб ёзар экан, ушбу дарёни нафақат ҳаёт, балки хоразмликлар тижоратининг манбаи эканлигини ҳам қайд этади.

Ибн Баттута Хоразмда қисқа вақт тургандан кейин ўша даврларда чиғатойилардан Аловиддин Тормаширин (1326—1334 йил) ҳукмронлик қилган Моварауннаҳрга йўл олган. Умуман, у қаерда бўлмасин, ҳамиша бирдай илиқ кутиб олинганини қайта-қайта баён қилади. У дастлаб оламга машҳур шаҳарлардан бири Бухорога бораётиб, унинг ниҳояси Вобкентда тўхтаганини шундай таърифлайди:

«Бу Бухорога бир кунлик йўлда жойлашган, ҳовузлари, боғ-роғларига эга чиройли шаҳарчадир. Аҳолиси узумни йил давомида сақлайдилар. Уларда айниқса, бир нав мева бўлиб, уни ал-аллу (олхўри) деб атайдилар. Одамлар уни қуритиб Ҳиндистон ва Хитойга элтадилар. Етилиб пишган меваларни сувга чайиб ичадилар. Қуритилганлари эса нордонроқ таъм беради. Бу мева кўп юмшоқки, бундайини Андалузияда ҳам, Сурияда ҳам кўрмадим». Шундан кейин у, кун бўйи буткул боғлар, ҳовузлар, дарахтзору ям-яшил экинзорлар оралаб Бухорога етиб борган. Шаҳарни зиёрат қилар экан, бу ўлкада унча кўп бўлмаган омон қолган баъзи иншоотлардан бошқа Чингизхон даврида вайрон этилган масжид, мадраса ва бозорлар ҳанузгача хароба ҳолида ётганини ачиниш билан гапиради. Ундан сўнг Бухородан узоқ бўлмаган Фатҳободга ташриф буюради.

У ерда Ибн Баттута машҳур дин арбоби Сайфиддин ал-Боҳарзийнинг невараси, юртнинг улуғларидан бири муфти шайх Яҳё ал-Боҳарзийнинг уйида меҳмон бўлган. Бу одам унинг Ибн Баттутанинг ташрифи шарафига шаҳарнинг таниқли кишиларини уйига чорлаган. Қиссахонлар ажойиб овозда Қуръон ўқиганлар. Муфтининг ўзи маърузалар қилгани, турк ва форс тилларида жуда латиф қўшиқлар айтилгани ва бошқалар ҳақида саёҳатномада батафсил ҳикоя қилинади.

Ибн Баттута шундан сўнг Нахшобга (Қаршига) борган ва султон Тормашириннинг қабулида бўлгани, у билан қилган мулоқотлари ҳамда бу ҳукмдорнинг ва эшитиши бўйича унинг ўтмиш тахтдошларининг сифатлари, ҳамма-ҳаммаси ҳақида муҳим тарихий маълумотларни баён этади. Сайёҳ бу ердан Самарқандга боргани, Н. Иброҳимовнинг ёзишича, ўша 1333 йилиёқ у Ўрта Осиёга қилган саёҳатини якунлаб, Шимоли-Шарқий Эронда, ундан кейин Афғонистонда бўлади. У ердан эса, Ҳиндиқуш орқали 1333 йил 12 сентябрда Ҳиндистонга борган ва у ерда қарийб саккиз йилча туриб қолган. Сўнгра ўзи кўпдан бери орзу қилган Хитойга боришга мушарраф бўлган. Тиниб-тинчимаган бу донишманд сайёҳнинг айниқса Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон тўғрисида ёзиб қолдирганлари, гарчи ўша давр оддий меҳнат аҳлининг ҳаёти тарзини кам қаламга олиб, кўпроқ ҳукмрон синф вакилларининг таърифини келтирган бўлишига қарамай, ўлкамиз тарихи, унинг маданиятига оид бизгача етиб келмаган муҳим манбаларни туҳфа этади.

73 йил яшаб ўз ватанида вафот этган зўр ирода, ақл-идрок соҳиби бўлган бу араб сайёҳининг фаолиятини мунаққид Н. Иброҳимов чуқур таҳлил этганига шубҳа йўқ. Бироқ мазкур китоб ёзилаётганда айрим нуқсонларга йўл қўйилганлиги ҳам сезилиб қолади. Масалан, мунаққид китобнинг 10—11-бетларида: «Сарбадорлар Хуросонда ўзларининг мустақил давлатларини тузганлар. Бу давлат 1337 йилдан то 1381 йилгача яшаган», деб ёзаркан: «Ибн Баттута у ерга борган ҳамда бу ҳақда батафсил маълумот берган… Ибн Баттутанинг сарбадорлар давлати тўғрисида келтирган таърифлари ғоят ноёбдир», дейди. Биз муаллифнинг юқоридаги маълумотларига кўра Ибн Баттута ўша 1333 йилиёқ Ҳиндистонга бориб, у ерда узоқ йиллар туриб, сўнг Хитойга сафар қилганлигини назарга олсак, маълумотлар оралиғида ноаниқлик бордай кўринади. Хўш, у қандай қилиб Шарқий Хуросонга қайтиши ва сарбадорлар ҳаракатини кўриши ҳамда у ҳақда батафсил ёзиши мумкин, деган савол ўз-ўзидан туғилади. Шунингдек, китобнинг 120-бетидаги 140-изоҳда: “Абу Язид (Боязид) Тайфур ибн Исо” ҳақида ёзганида уни “IX асрда Бистомда туғилиб… 847 йилда вафот этган”, деб кетган. Ваҳоланки, шарқшунос олима Дилором Юсупованинг 1980 йили Тошкент “Фан” нашриётида чоп этилган “Мўъжамали Фасихий” («Фасихийнинг мажмуалари*) асарида (68-бетда) ўша олимнинг тўлиқ исми ҳам, унинг 1341 йили вафот этгани ҳам аниқ ёзилган. Лекин, шуларга қарамай, китобхонларга гарчи бу китоб ҳанузгача араб тилидан тўлиқ ағдарилмаган бўлсада, ноёб туҳфа бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ўлкамиз тарихи ва маданиятини ўрганишда бундай асарлар ниҳоятда зарур. Улар тўлиқ ҳолда ўз она тилимизда чоп этилса, яна ҳам нур устига аъло нур бўлур эди.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 5-сон

- - -


< Orqaga qaytish