Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Ўзингдан кетасан". шеърлар. Одил Икром.

ОДИЛ ИКРОМ
ШЕЪРЛАР
09

Одил Икром 1960 йил 26 январда Тожикистоннинг Исфара туманидаги Кўлкент қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, Ленинобод Давлат педагогика институти (ҳозирги ХДУ)нинг тарих-филология факултети, ўзбек тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган.Меҳнат фаолиятини Ҳисор туманининг Шаҳринав шаҳарчасига қарашли Катта Бўйни Қинғир участкасидаги 8-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс беришдан бошлаган. Кейинчалик «Совет Тожикистони» (ҳозирги «Халқ овози») жумҳурият рўзномасининг маориф ва маданият, партия турмуши, адабиёт ва санъат бўлимларининг махсус мухбири, Ўзбекистон радиоси адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятининг муҳаррири, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси қошидаги Таржима ва адабий алоқалар марказида бўлим мудири вазифаларида ишлаган.
«Уфқ дарахти» (Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1991 йил), «Таҳажжуд» («Хуросон» нашриёти, Хужанд, 2007 йил), «Узлат» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил), «Таҳаммул» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, 2012 йил) ва бир қатор шеърий китоблари нашр этилган.
Эрон шоираси Фуруғ Фаррухзоддан қилган таржималари «Аср овози» (Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1988 йил) номли тўпламда, шунингдек, Заҳирий Самарқандийнинг «Макрулнисо» номли насрий асари «Хотинлар макри» (Fафур Fулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, Тошкент, 1992 йил, Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил) ҳамда Тожикистон халқ шоири Лойиқдан қилган таржималари (Сайфуллохон Қорихонов билан биргаликда) «Онагинам» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил) номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Бундан ташқари у Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарини, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини, Нақибхон Тўғралнинг ғазалларини, Муҳаммад Иқбол (Покистон) рубоийларини, Нодир Нодирпур (Эрон), Сайидали Маъмур, Фарзона, Озарахшнинг шеърий китобларини, Муҳаммад Субҳоннинг «Наҳанги мўйлабдор» насрий асарини ҳамда замонавий тожик шоирлари шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Шоирнинг нинг шеърлари тожик, инглиз, ҳинд тилларига ўгирилган ва чоп этилган.

09

ХИЁНАТ

Судралар тинкангни толиқтириб тун…
Лаънат муҳри янглиғ безраяди ой.
Офтоб кўлкасидай узанган узун
Кечаларни қаро зулфи – сумансой.

Ўт кетди хаёлнинг харобатига,
Бу дўзах ўтига энди не чора?
Нотавон вужуднинг касофатига
Кўнгил қолиб кетди, кўнгил — бечора.

Зор йиғлаб-сиқтаган руҳлар ортидан
Судралар тинкангни толиқтириб тун.
Гиёҳванд қутқулар гирдибодида
Гуноҳингни гизлар халоскор очун.

Томирингни тирнар ўрмалаган хун,
Ўлакса самода ой кезар хунхор.
Судралар тинкангни толиқтириб тун, –
Думига сочларинг бойланган тулпор.

ОРЗУ

Кўнглинг ҳамон Одамда, ўзинг  ҳалигача Ҳаводадирсан.
Ахир, ҳали ҳеч кимга кўзи  очилмаган дарбозадирсан.

Кўнглинг ҳамон бузилар, ўзинг  ўзинг каби топ-тозадирсан.
Ахир, етти иқлимга сўзи   сочилмаган овозадирсан.

Кўнглинг ҳамон ердадир, маъюс,  ҳамон ўзинг самодадирсан.
Ахир, бошим устида ҳануз   ўқилмаган жанозадирсан.

МУСОФИР

Гапларимиз бўлмайди адо,
Ҳар гал олсанг ҳолимдан хабар.
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.

Инсон қадр-қиммати бир пул,
Ишонмасанг бир пулдир бари.
Сен кетасан, дунёдан буткул
Аразлаган одам сингари.

Юрагимни нотайин бир ҳис
Ғижимлайди ҳар кун, ҳар кеча.
Сен кетасан кўнгилдан олис,
Кузатаман остонагача.

Ёмғир баланд томлардан ўтар,
Тепкиланган ерлар бўлар лой.
Ўчар, қаттиқ шамолда ўчар,
Тошфанордай милтиллаган ой.

Оч йиртқичдай исковуч шамол
Ахтаради ўлжа ҳидини.
Яхши одам кўчага алҳол,
Қўйвормасди, ҳатто, итини.

Мен қизийман, фақат уятдан,
Дош бермади ғамга суягим.
Совуқ ўтар суяк-суякдан,
Совимоқда сендан юрагим.

Шамол ҳамон бузуқ най чалиб
Чийиллайди, тинмади ёмғир.
Ўз уйингга етолдингми деб
Ўй сураман оғирдан-оғир.

Хавотирим бўлмайди адо,
Ололмасман ҳолингдан хабар:
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.

САФАР ОЙИ

Тўнғиган таппаклар ёнар осуда,
Қумғон қайнаб-қайнаб бўлади ярим.
Тандирнинг олдида, ўчоқ бошида
Тутатқига дўнди менинг шеърларим.

Қайғулар ёлғондир, қувончлар ёлғон, –
Одам тушунмаса одамнинг тилин.
Ахир, йиғлаганни кулдириш осон,
Ахир, кулганларни йиғлатиш қийин.

Кулмасман, мен йиғлаб билмасман зеро,
Нозик наволар ҳам сиғмайди дилга.
Наҳотки, юракка сиғмаган дунё,
Чўкиб кетса саёз, кўлмак ақлга.

Қумғон қайнаб-қайнаб дардини ютар,
Бироқ, тугамайди андуҳ сойлари.
Билмасман, олдинда мени не кутар,
Ортимда кўринар сафар ойлари…

***

Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.

Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.

ХАЁЛ

Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.

Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган қўнғир ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…

Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг тўлар, кўзларинг.

Васлни тушунмас норасида ишқ,
Айрилиқ нелигин билмайди фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.

Дилимда садоқат шамлари сўнди,
Ўт кетди эҳтирос қафасларига.
Ўчмаган оловдай кетарман шўнғиб
Қўнғир сочларингга, нафасларингга…

Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.

ЮРАК ЎFИРИ

Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.

Тор дилга сиғмагай гуноҳи азим,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Умидлар хайлидан айро сийратинг
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.

Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.

Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.

Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.

Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.

Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.

Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.

Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб терлади кўзинг.

Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.

***

Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Юрагинг – ҳали мард кўрмаган майдон.
Осмонга боқамиз хавотирланиб,
Биз бош қўйган ёстиқ янглиғ ой сарсон.

Дарёлар қошидан қайтамиз сувсаб,
Булутлар ортига қўрқиб қарайди.
Ақлим қочди, кўнгил ортидан қувсам,
Ақл ошиб кетса, меҳр камайди.

Биз учдик осмонннг ёлғонларига,
Жаҳолат аршидан тушмадик, бироқ.
Осилдик айрилиқ арқонларига,
Ерда эса, фақат, иблислар – иноқ.

Пайтавалар тожга дўнди самода,
Ерда торож бўлди тоза ҳаволар.
Орамизга тушиб қолди балога,
Киприк қоқмай қараб турган балолар.

Алдайди қисматнинг асотирлари,
Тўзонга дош бермай қайтар тавбалар.
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Ёмғир савалайди, тинмай савалар.

АБДУЛҚОДИР ГИЛОНИЙ ЗИКРИ

Бир кеча Ҳазрати Рисолатпаноҳ
Тушларида аён бўлмиш бир тилсим.
Тўққиз чироқ ёғду таратиб ногоҳ,
Бир чироқ нурига сингиб кетмиш жим…

Маҳбублар ёритар дорилбақони,
Кўнгил аҳлига хос бу жалолу жоҳ.
Қиёмат кунида маҳмуд мақоми
Мажзублар руҳига бўлгай қароргоҳ.

Риёзат ўтида ёниб кетгай нафс,
Кўнганда шайтоннинг васвасасига.
Оллоҳ даргоҳига етиб борди арз,
Ошиқлик, маъшуқлик мартабасида.

Меърож туни етти қават кўкдан сўнг
Арш ёвуқ келганда теппаларида,
Султон-ул анбиё оёқларининг
Изи қолди Ҳазрат елкаларида.

Эранларга шайтон сиёғи аён,
Йўлдан оздиргайдир хосу авомни.
Fавсул Аъзам дерлар, ўшадир шайтон,
Ҳалол қилдим деса барча ҳаромни.

Ҳар куни ибодат фарзини Ҳазрат
Бир оёқда адо этгач бесабр,
Нидо келди: «Айтгил, қадамим абад
Барча авлиёлар гарданигадир…”

Истакдан мосуво иймон пирлари,
Оғиб кетолмагай ризо, ваҳмига.
Шукр эшигидай, олам сирлари
Очилгайдир, фақат, кўнгил аҳлига.

Дунёвий ишқ аҳли нафс балосига
Чора тополмади минг йил йўл босиб.
Юрак қавмидай дард ақрабосига
Таслим мартабаси бўлди муносиб

Ё ориф айлаган ё телба қилган,
Фано мақомига элтувчи роҳлар.
Дунёнинг ишига машғуллик билан
Дунёдан фориғдир валиюллоҳлар.

Ҳеч қачон сиғмагай воҳидлик завқи,
Вужуднинг омонат кошонасига.
«Илондай пўст ташлаб»* худонинг халқи
Бош қўяр қурбининг остонасига.

Очса мушоҳада осмони бағир,
Машаққат, қийноқлар роҳат бағишлар.
Ўзидан Оллоҳни сўрамас тақир,
Оллоҳдан ўзини сўрар дарвишлар.

Рамазон ойида руҳоний гўдак
Саҳардан шомгача эммас онасин.
Оллоҳнинг чинакам ошиқларига
Шоёндир фақирлик хилватхонаси.

Тазарру қўлида жон берган гуноҳ
Бошин эгиб турар тирик тавбамга.
Дунёдаги барча хос валиюллоҳ
Иқтидо қилмоқда Fавсул Аъзамга…

________________
*-Боязид Бистомий ҳоли.

* * *

Оёғимдан ғам чалар эди,
Болаликда йиқилсам ҳар дам.
Мени ердан кўтарар эди.
Онагинам, бечора онам.

Энди эса… Энди одамлар,
Йиқилсам ҳам парво қилмайди.
Энди эса… Энди у дамлар
Ёдимдан ҳеч кўтарилмайди.

Оёғимдан чалиб кетса ғам,
Кўтармагил, кўнглимни овут.
Мен биламан, энди йиқилсам
Мени ердан кўтарар тобут.

ТОМОШАБИНЛАР

Ёлғонни ёлғону ростни рост демас,
На ҳақдир, на ҳакам, томошабинлар.
Шариат йўлида енги ҳўл эмас,
Аммо, этаги нам, томошабинлар.

Пастқам деворлардан бўй чўзар мамнун,
Жангларда боши хам, томошабинлар.
Кечагина ўзи ўйнатган маймун,
Бугун атрофда жам, томошабинлар.

Гоҳ белда зуннор, гоҳ бошда салласи,
Динига номаҳрам, томошабинлар.
Бузуқ тарозининг оғир палласи
Бўлиб келган ҳар дам, томошабинлар.

Дил мулкида шоҳлик даъвосин қилар,
Ўз нафсига қарам, томошабинлар.
«Чўпонга дўст бўлиб, бўрилар билан
Қўйни кўргай баҳам», томошабинлар.

Баъзан, беғам, баъзан, ташвишдадир у,
Кўргани ҳали кам, томошабинлар.
На шайтондир ва на фариштадир у,
Мену сиздай одам, томошабинлар.

На дўстга дўст ва на ёрдир ёрига,
Қочади келса ғам, томошабинлар.
Қўрқаман, бир куни, ўз қаторига
Қўшади мени ҳам, томошабинлар!

ЭЛЛИГИНЧИ ҚИШ

Эллик йил яшадим, баъзан, озурда,
Баъзан, дабдабаю дағдаға қилиб.
Гоҳ жимжитлик, гоҳо ғала-ғовурда
Эллик йил яшадим қанақа қилиб?!..

Эллик йил яшадим, пинҳону ошкор
Умримнинг борига барака қилиб.
Гоҳида, беминнат садақага зор,
Гоҳида, жонимни садақа қилиб.

Эллик йил яшадим, беғам, серташвиш,
Гоҳ катта, гоҳ кичик маърака қилиб…
Остонамда турар эллигинчи қиш,
Элликта баҳорни калака қилиб…

ҚИРҚ САТР

«Қирқ йил ётган эски бўзадай
Қуйқа тўлиб кетган тўнг дилни
Кимга тўкай, кимга бўшатай,
Қирққа тўлган бўм-бўш кўнгилни?..

Кифтимдаги тоғдай оғир тан,
Гар қутилсам бу замбил лошдан, –
Менга ишон, бир кун юзингдан
Тўкиламан қирқ томчи ёшдай.

Тўкилади толғин томчилар,
Кўзларингда қотган дард надир?
Юрагингда ётар қовжираб,
Ҳали ҳеч ким етмаган қадр.

Керак бўлса агар, тўлишган
Ойни сенга айлайман тақдим.
Аммо, сени бир бор кўришга
Букун қирқ йил етмади вақтим.

Нега жимсан, айт, нега жимсан?..
Адоғи йўқ ҳижрон – эрмагинг.
Сен қирқ йиллик хавотиримсан,
Хабар олдинг, хабар бермадинг.

Тентирайман сархуш, майзада…
Бир кун бутун кучимни йиғиб, —
Ерни ёриб чиққан майсадай
Бу ботқоқдан кетарман чиқиб.

Яшаяпман, о, Худо ҳаққи,
Ўлишга бир фурсат топмадим.
Ўлган бўлсам, ўзимни балки,
Кўмишга бир турбат топмадим.

Кўп яшадим, топганим камроқ,
Билолмадим, надир севинч, ғам.
Бу йўлларда топмадим ҳамроҳ,
Адашганлар орасидан ҳам.

Хаёлимни обқочар бир нур,
Бир нур дилни буткул чирмади.
То қирқинчи осмонга довур
Жоним чиқди, ақлим кирмади.

Мен ҳаётдан қирқ йил кечикдим.
Оғритмайман бу эркак бошни…»-
Деб ўзимни оқлайман ўзим,
Қоралайман бугун қирқ ёшни.

* * *

Ухла энди… Бу кунлар ўтар,
Сен кўнглингга боққин умидвор.
Ахир, тинди, толиқди ўжар,
Куни-кеча ёғаётган қор.

Кўзларингда қарғайди мени,
Оташпараст қувонч билан ғам.
Ахир, қандоқ овутай сени,
Қарзинг кўпдир, маош эса кам.

Сен мен билан қолсанг ҳам бекас,
Тупурмайсан менинг бетимга.
Итваччалар итга кун бермас,
Етимчалар эса етимга.

Қийнаб қўйди юрагим мани,
Англамадим уни рости гап.
Неки фасод – юксакда ҳали,
Неки ҳалол – оёқ остида.

Озорларнинг тагида ҳануз
Кўмилмаган армонларинг бор…
Ўқиб-ўқиб нима бўлдик биз,
Ёғиб-ёғиб нима бўлди қор.

* * *

Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.

Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.

* * *

Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо, етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.

Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.

Кўзларинг чўғида елпинади тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.

СЎНГСИЗ ШЕЪР

Асқар МАҲКАМ хотирасига

Ишқ элин кўксини чавақлаганлар
Хос қулман деб тинмай валақламоқда.
Ажал шамширидай ярақлаганлар
Букун «Аналҳақ»(1)ни варақламоқда.

Гўнг титар бир тўда чумчуқ бетоқат,
Ололмай «қарчиғай бошидан тож»ни.(2)
Кўзгуда ўз аксин топмаган ноҳақ
Густоҳликда айблар Мансур Халложни.

Fурбатда ҳар доим ўзни йўқотиб,
Зулматда бир-бирин топди гумроҳлар.
Азал ёрман деган морлардан қочиб,
Бу дунёдан кетган валиюллоҳлар.

Ўтди бедилнафас, безовта армон,
Дарднинг маҳрамига айланган маъшуқ.
Хоксор дил қавмига дўст бўлган қачон,
Оловдан яралган мавжудот, махлуқ?..

Ўзи қочган дорга Дукчи Эшонни
Осганда девона бўлган девонлар.
Дарвишдан қизғанди бир бурда нонни,
Эшонлик даъвосин қилган бешонлар.

Марҳум сўз ҳаққига очмоқда аза,
Мотам либосини кийган хоинлар.
Шеърият мулкида қиёматгача
Гўрида тик тургай энди шоирлар…

2007
________________
1-Асқар Маҳкамнинг тириклигида чоп этилган сўнгги китоби.
2-Муҳаммад Иқбол ибораси.

Xurshid Davron kutubxonasi

- - -


< Orqaga qaytish