Маданият, санъат

Туз кемалари. янги ҳикоя.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

Туз кемалари. янги ҳикоя. Саломат Вафо

 

  

  Яқинда Аму дарёда сув кўпайиб Қорақалпоғистон тамондан туз юклаган кемалар қатнайдиган бўлди.Бу ўлкада ҳаёт учун зарур бўлган кўп неъматлар топилмаслиги мумкин, аммо, туз, ош тузи топиларди. Бу тузни Орол денгизи ташлаб кетган ерлар, қайирлардан осонлик билан олишгани учун  тузнинг қадри йўқ эди.

  Туз кемаларининг зориққандай нолали вупиллаши чор-атрофга ёйиларди.Кемалар гўё ўтмиш ва келажак орасига йўл солган эди. Унда туз билан бирга турли тақдирлар, қувончлар, кўз ёшлар, ҳасратлар  ташиларди.Уларнинг занг ва мой  босган биқинига рус тилида “Мечта”,”Восход”, “Заря” деган сўзлар ёзилган эди. Гўё бу кемалар йиллар давомида бир овлоқ жойда ётган, энди йўлга чиқиб келаётган эди. Кемаларнинг сув тўсиқи     ёнига келишидан шу яқинроқда яшайдиган  аҳоли соатини аниқ вақтга тўғирлаб олишарди. Кемалар қишми ёзми дарё сувларидан кечиб сув тусиқи қаршисида  роппа роса соат 12да пайдо бўларди.Бир қарашда мой босган эски кемалар дарёнинг тезоб жойларида тўрт бўлакка бўлиниб туз қоплари сувга чўкиб кетадигандай ўй туғдирарди. Аммо, Устюртнинг қор – ёмғири, шамол, совуғи, жазирама иссиғида тобланган жони қатиқ кемалар бўлинмас, эсон-омон дуроқ манзилларга етиб келарди.

  Туз кемалари  бирин-кетин етиб келиши билан соҳилга яқин кафеларда жонланиш пайдо бўлиб,тоғора тўла балиқлари билан ўчоқ бошига югуришар эди. Масала шундаки туз кемага элат одамлари миниб  кафеларда балиқ ейиш учун шинавандалари ароқ ичиш учун келарди. Кемалар сигнал берар қирғоқдаги тўронғил, саксовулардан дувв этиб қушлар учиб кетарди.

  Соҳилдан унча узоқ бўлмаган ерларда кулбага ўхшаган жойлар тартибсиз сочилиб кетган эди. Улар бир қарашда ўтовга ўхшаб кетар, аммо қора уйдан фарқли ўлароқ унда одамларга аралашмайдиган истиқомадчилар яшарди.Уйлар думалоқ  шаклида қурилган бўлиб усти сомон сувоқ билан сувалган эди. Бу ерда юзлари қонсиз оқиш тусда, қавоқлари салқиган туну-кун алланималар ёзадиган тунд одамлар яшар эди. Булар 1990 йилллардан сўнг пайдо бўлган, Аму дарёни аллақандай илоҳийлаштириб ҳар тонг унинг қирғоғига чиқиб дуоми, медитация қиладиган  кимсалар эди. Уларни кун бўйи ҳеч ким кўрмас,на еганини, на ичганини маълуми бўлиб, қамалиб ётишар, айниқса рамазон кунлари  кулбаларнинг эшикларини самон сувоқ билан суваб  кичик тешикдан сув, нон узатишарди. Бу кулбалардан на сас, на шовқин эшитиларди.Кулбалардан фақат бирининг эшиги  ярим очилиб турар, ундан ёш йигитнинг салқиган юзи кўринар, у дам бадам айниқса туз кемалари келганда қирғоққа бориб кемаларга тикилиб ўтирарди. Туз кемасида келган юқори элат одамлари,эркаклар, хотин-халаж, нон, турли ширинликлар, қатлама-патир сотадиганлар вағир-вуғур қилиб  қирғоқда катта-кичик балиқ кафелари орасига жойлашган бозорчадан ер олишга шошилишарди. Ёш йигит Олим хотин-халаж бозорга ёприлиши билан етиб келарди.Кулбада еса-емаса нон патир ва қатлама сотиб олиб четга чиқиб бозорчани кузатиб турарди.

  Нон сотувчилар ёши катта холалар ва ёш қизлардан иборат эди.Олим уларни жонига теккунча кузатиб турар, сўнг шарпасиз юриб яна ёзув-чизув билан машғул бўлиш учун  кулбаси тамон кетарди.

.Кемалар 2-3 соатларда сув қайирларига етиб келар эди. Бу вақтгача бозордагилар озиқ-овқатларни сотиб, балиқ ейишни  ҳам уддасидан чиқишарди .Туз кемалари тузларни биров олиб кетмаса ҳам хирмон бўлиб уйилиб ётган туз уюмларини устига  қопларни ташлаб гўё енгил тортгандай, эртаси   келиш учун яна изига қайтар эди.

  -Салима, Салима 4 чўрак бер, мана харидор, - деган қичқириқлар янграб қоларди.

  Салима исмли йигирма ёшларидаги қиз дик этиб ўрнидан туриб чиройли кўзларини пирпиратганича чўракларни харидорнинг ёнига олиб борарди. Агар қиз нон олиб бораётганида атрофга син солиб қараганида эди, четки кулбанинг кичик ойнасидан ўзига қаттиқ тикилиб турган Олимнинг  нигоҳларини пайқаган бўларди. Салима нонларини барвақт сотиб бўлганига қувонниб ўз-ўзидан шарақлаб кулиб юборарди.Озиқларни эрта сотган хотин – халаж билан Салима балиқ кафесига отланарди.

  Катта чулан қозонларда балиқ қовураётган ошпазлар табассум билан “галинглар, апикалар. Бугун ҳозир тутилган сазан билан лаққа қовурамиз” деб ярим қозон ёғда қип-қизил бўлиб қоврилаётган  балиқларни тоғорадай катталикдаги капгири билан   сузиб оларди.Ёғи томиб турган балиқларни сапол товоқларга солиб  туз кемаси йўловчилари хотин-халажга олиб боришарди.Йўловчилар, нон сотувчилари шодон вағир-вуғур этиб балиқ ейишарди. Нон чўракларини эрта сотиб кўнгилдаги пулини топган қизлар тинмай кулишарди.

   Кулбанинг кичик деразасидан ғуссали кўз тикилиб турарди. Балиқ ейувчилар олислардан туз кемаларининг вупиллаган товуши эшитилгунча бахтиёр ҳолатда таом еб ўтиришди. Туз кемаси яқинлашиши билан давра безовта бўлиб, дастурхонга фотиҳа ўқиб каптарлар янғлиғ дувва кўтарилишди.Сотувчилар шовқин-суръон билан кемага чиқиладиган пантон кўприк тамон юришди.Салимани иссиқдан асраш учун ўраган рўмоли дарё шамолида учарди.Сақланиш учун  қиладиган ҳаракатлари бекор кетиб унинг гўзпл чеҳраси Орол қуёшида қорайган эди.  

      Йўловчилар билан бирга кемага темир билан ковшарланган тобутни ҳам юклашди. Тобутнинг ёнида икки нафар харбийлар кийимини  кийган йигитлар ҳам бор эди.Туз қопларини сохилга ташлаган кемалар махсус топшириқни бажаргандай нолакор товуш чиқарарди.Сотувчилар эндигина юкини бўшатган кеманинг темир зиналаридан юриб,туз  ва тузли сувлар тўкилиб оқариб доғ  бўлиб қолган кема сахни ўриндиқларидан урф бўлган қўшиқни аста куйлаб жой олишди.”Олисларда қолиб кетган муҳаббат”..Зум ўтмай кема изига бурилиб йўлга тушди.Қизлар кемага юкланган тобутларни кўриб жимиб қолишди.Нон сотувчи қизлар тобутларни юқори элатда яшайдиган Полвон ва Комилнинг тобути эканлигини билдилар. Уларни сув йўли билан Москва вилоятидан олиб келишарди. Тобутда ётган шўрликлар Москвада қурилишда ойлик масаласида жанжал чиқиб отишмада  ўқ тегиб ҳалок бўлган эди.

  Салима шаддот қиз бўлгани боис харбийлардан “оғалар, Рустамни кўрмадингизми..” деб сўрашга журъат этди.Йўловчиларнинг гўё ҳақи кетгандай чувиллай кетишди.

-        Рустамни қандай билсин булар.

-        Нима Москва сенга Моноқ бозорими, ҳар кимни кўрсанг.Москва вилоятининг ери балки, Ўзбекистон билан тенг келар.

Харбийлар мавзу ўзгарганига жонланиб Рустам ишлайдиган жойни манзилини сўрашди. Улар ҳам Салима билан гаплашиш иштиёқида эдилар.

  Туз кемалари кетиши билан пантон кўпик атрофи, балиқхоналарда жимлик чўкиб балиқхона хизматчилари бостирмалар остига солинган дастурхонни йиғиб балиқ бўлаклари, нон бурдалари  балиқ қилтаноқларини чаккароққа созоқлар остига қоқиш билан машғул бўлишди. Хизматчи қизлар бостирма ости супаларини  йиғиб палосларни супуриб қайтадан кўрпачаларни солиб қўйишди. Одатда бу кўрпачалар эртаси куни туз кемалари келгунча солиниб турарди.Бу кафелар кичик  пантон кўприклар ёнига жойлашгани учун бирон-сиронг йўловчи машиналари ўтмаса, бошқа мехмон келмасди.

  Дарё кафелариинг сукуатига дарз етиб, Бухоро тамондан учта бир хил микро автобусга ўхшаган хорижий маркали машиналар кафеларнинг олдига келиб тўхтади. Машиналардан  сўнгги урфда тикилган кийим кийган эркаклар ва аёлллар тушишди.Бош ошпаз бир нарсани англади шекилли қизларга катта супага гилам солиб жой қилишни буюрди.Эркак ва аёллар оёғини чигилини ёзиш учун кафе атрофларини айланишди. Ўтовларни айланиб 90 йиллар тасавуфчи олимлари яшайдиган кулбаларни айланиб бир-бири билан шивирлашгандай гапиришди. Олифта мехмонар супага гилам солиган бўлса ҳам бурнини жийириб аста ўрнашишди.

“Ўтовдаги одамлар ким улар”.

“Қачон келишган, нима иш қилишади улар”

 Ҳамма ўтовларнинг эшиклари зич ёпилган эди.Фақат Олим яшайдиан кулбанинг баландда жойлашган ойнаси қия очиқ турарди. Мехмонлар тотли балиқларни еб,бурнидан чиққунича ароқ ичишди.Чақирилмаган мехмонларга хайтовур қўнғироқ  бўлиб ўрнидан қўзғолишди. Аммо дастурхонни пули, ароқларни ақчасини ҳеч ким тўламади.  .Бош ошпаз ҳам тили калимага келмаган сақовдай пулини сўрай олмади..Официант қизлар ҳам ҳамма нарсани англаб бир чеккада қотиб туришарди.Мехмонлар  ўриндиқлари дивандай мосланадиган қора рангли  машиналарига миниб жўнаб кетишди.

  Эртаси куни туз кемалари яна роппа-роса  соат 12да пантон кўприкига етиб келди.Кечаси билан мижжа қоқмаган Олим туз кемалари етиб келганда бир қарорга келиб бўлганди.У Салимага қалбини очиш учун  энг қулай жойи, бозорчага бориш деб билди. У шу қизни ёқтириб қолган эди.Олим қизнинг бувиси ва синглиси билан яшашини билиб олган эди.Салималарнинг ота-онаси Қозоғистонинг Олатов деган жойида ишлаб юришидан ҳам хабардор топганди. Олим Салимани уч- тўрт ойдан бери кузатиб юрганди.Унинг кулбадаги ҳаёти моҳияти Салимани кўришдан иборатдай эди.Йигит эрталаблари бир-икки соат илмий ишини ёзгандай бўларди.Университет раҳбариятига ишини битириш ваъдасини берган бўлса ҳам дарди зўрлигидан бир жойда қарор топа олмаётган эди.

Олим дадил қадам ташлаб бозорчага қизнинг ёнига борди.Салима доимий мижозни кўриб қувонди.У ҳар сафар йигитдан нега юзингиз зафарон рангда деб сўрамоқчи бўлар, ҳар сафар мавридини тополмасдан қоларди.

Олимнинг гапи қизни чуқур ҳаяжонга солди. “Менга ёқасиз” сўзидан  йўталиб нафаси оғзига тиқилди. Бу орада йигит бир оз тургач  яна шаҳдам қадамлар билан кулбаси тамон кетди. Ўзининг бу журъати ҳамроҳлари тамонидан қандай баҳоланишини ўйлаб борар эди. Олим ҳам уларга ўхшаб қирқ кун чиллага ўтириши лозим эди. Ўзларича шуни синаб кўришаётган эди.Аммо бу ерга келиб ишқ дардига мубтало бўлган эди.Йигитнинг мақсади қизга кўнгилини очиш эди.

Қиз беиҳтиёр йигитнинг изидан боқди.Олим нон,қатлама уйилиб кетган кулбаси тамон кетиб борарди.У Салимани ҳар кун кўриш учун кимса емаса ҳам нон сотиб оларди.

   Соҳил, тўронғизорлар қушлар сайроқига тўлиб кетган эди.Ҳар ердан қушлар дува-дува учиб кетарди.Туз кемалари кетишга ҳозирланиб аста нолакор товуш чиқарар эди.Салималар минган кемада қуёш нурларида ялт-юлт этаётган иккита оқ ва қора от депсиниб турарди. Отлар кеманинг чайқалишидан безовта бўлиб тинмай пишқирар, кишнар эди.Эгалари отнинг бақувват, пойдор танасига шап-шап уриб осойишталикка чақирар эди.

  -Йўл бўлсин,-дейди кемадагилар.

- Отлар чопишда қатнашиб хориди,Шунинг учун камага миндирдик.

- Шу от ничча сўм туради?.

- 20 минг доллор.

- Йигирма минг...Салима ҳали ҳам ҳаяжони босилмагани учун ҳайрат билан отларга қарайди.

Салима 20 минг доллор кўп пул эканини билиб  кўзларини катта очиб отларга тикилди.Отлар ҳам ўзларининг қимматбаҳолигини билгандай бошини мағрур кўтариб қирғоққа қараб пишқирар  эди.

  Олим ўз одати бўйича эшиклари ёпилган қора уйларни айланиб елим халтасидаги нон ва қатламаларни бўлиб эшик олдига қўйиб чиқар эди. Ўтовдаги чиллада ўтириш ишларига кўнгилли бўлиб қатнашаётган одамлар иложи бўлса бир-бирини кўрмасди. Агар кўрса ҳам гаплашишмасди. Дарё бўйига келганларига 20 кундан ошган бўлса ҳам Олим ва яна бир Эгам деган ёш йигитдан бошқа ўтовдан чиқмас эди.

  Олим нонларни тарқатиб бўлгач яна ўзининг  қора уйига қайтди.Гўё у оғир юкдан қутулгандай эркин нафас олар, тез-тез қадам босиб уйига кирди. Рухи биландлигидан қўшиқ хиргойи қилиб юборадиганга ўхшарди.Унинг кўз олдида Салиманинг қизарган юзи, ўз-ўзидан кулиб юборгани ва  сув тўсиғидан узоқлашаётган сирли туз кемалари номаён бўларди.Қизнинг сўровларига жавоб бермай кулгани баттар ҳаяжонини оширарди.

  Ҳафта ўн кунга рамазон битиб шаҳарга қайтишдан олдин, туз кемасига чиқиб Салиманинг бувиси билан кўришишни кўнглига тугиб қўйди. Аммо, Олим қандай қилиб Моноқ элатига боришни,боргач Салимани бувиси билан қандай гаплашишни тасаввурига сиғдира олмасди.У шу бугун туз кемаларига миниб Салимани бувисини кўришни истар, аммо охирлаб қолган рамазон  ойи унинг олдига кўндаланг бўлиб  турарди. Олим чиллада ётган ҳамроҳларини юзига оёқ қўйишни истамасди.Балки, бугун қизга ниятини  айтишга шошгандир. Рўзанинг охиригача сабр қилиши керакмиди, билмади.Лекин қизга кўнглини бўшатмасдан ҳам ўтовда тинч ухлай олмасди.Шу ҳафта ўн кунда қизни кўриб гаплашишни режа этар эди.Салима у билан гаплашмаса не бўлади?. Саволларига жавобан қизнинг тинимсиз кулгани қалбида умид пайдо этарди.

  Шу ўйлар билан тунда икки соат кўзи илинганини ҳис этди.Кичик дарчадан қушлар сайроғи эшитилиши билан ташқарига чиқиб туронғилзор тамонга юрди.Осмон тип-тиниқ, қуёш алвонранг кокилларини ёйиб кўкка кўтарилмоқда эди.Ҳаёллари билан қамишзор тамонга бориб қолибди.Қамишлар шатир-шутур этиб итдан сал кичикроқ ўнга яқин кулранг, сарғиш  шақол қамишзор ичидан чиқди.У турган жойида қотиб қолди. Олим шоқоллар тўда бўлиб юрса одамга ҳамла қилишини эшитган эди.Энди Салимани топганида  шақолларга ем бўлса?.Агар ўлсада бу ерга икки-уч кунсиз одам келмайди. Қора уйлардан анча узоқлашиб кетди. Энгашиб ердан таёқ олди. Шоқолларнинг энг каттаси тўда олдида бир зум Олимга қараб туриб яна қамишзор ичига  бурилиб кетди.Тўда унинг ортидан эргашиб қамишзор ичидан узоқлашаётган шатур-шутурлар эшитилиб турди.

Шошмасдан изига қайтди. Орқасига қарай-қарай ўтовга етиб борди.

  Шу куни туз кемалари ҳаётида биринчи марта ярим соат кечга қолиб соат ўн икки яримда сув тўсиғининг олдида пайдо бўлди.Нон сотувчи қизларнинг ичида қувноқ Салима кўринмасди.Ҳамроҳларидан бири унинг энаси касал бўлиб қолганини айтишди.Қизнинг энаси чиндан касал бўлганмикан?. Шу кунгача бир марта ҳам бозорни канда қилмайдиган қиз бугун келмай қолганди.Балки, Салима Олимни сўзини энасига айтган бўлса у набирасини юбормай қўйгандир.

  Йигит эртасига туз кемасига миниб Моноқ қишлоғига бориб келишни ўйлади.Қизнинг келмай қолгани унинг қарорини тезлаштирди. Шоқолларга таланса ҳам Салимани энасини кўришга боради. Ниятини эртага қўйиб не қилар бугун борса-чи..Бугун туз кемаси вупиллаб сигнал чалиб аллақачон ҳар кун уч-тўрт марта бориб келадиган ғаройиб  йўлига тушган эди.

Эртага Салима келса-келмаса ҳам кемага миниб қизнинг бувисини кўришга аҳд қилди.

  Дунёни бор гўзаллигини намоён этиб қуёш заррин кокилларини ёйиб саксовулзор, тўронғилзордан баланд кўтарилган эди.Дарё лойқа сувларини тўлқинлатиб сокин оқар, олислардан ўтмиш ва келажак орасида қатнайдиган туз кемаларининг вупиллаган товуши эшитиларди.

     11 апрель 2022 йил

     Тошкент

 

- - -


< Orqaga qaytish