Маданият, санъат

Глобал дунёдаги йўлчи юлдуз(лар). (Ёки,


Marta o'qildi

Глобал дунёдаги йўлчи юлдуз(лар). (Ёки, "Маснавий"дан таралган ёғду). Улуғбек Ҳамдам.

 
1.
Бугун дунё глобализм шароитида нафас оляпти. Бу дегани шуки, ундаги жамики жамиятлар, уларнинг маданиятлари, дунёқарашлари бир-бирига таъсир қилиб, интеграциялашиб боряпти. Жараённинг жуда катта ижобий ва салбий томонлари бор. Ер юзидаги одамларнинг бир-бирларидан хабардор бўлиши, бунинг натижасида бир-бирларидан кўриб-ўрганиши ижобий ҳодиса бўлса, кучли жамиятлар маданиятию урф-одатларининг кучсиз жамиятларнинг худди шундай хусусиятларини ўзига сингдириб юбориши оқибатида не-не жамиятлар, маданиятлар, тиллару қадриятларнинг ер юзидан супирилиб, унинг ўрнида оммавий маданиятнинг вужудга келиши ва урчиши каби ҳодисалар ўта салбий воқеликлардир.
Учоқ, тезюрар поездлар, машиналар, телефон, интернет сингари техника воситалари одамларнинг ўзаро мулоқотларини тезлаштирди, албатта. Айни дамда, ушбу воситалар одамлар ўртасида жуда катта муаммоларни ҳам келтириб чиқарди, чиқармоқда. ХХ асргача жуда кенг, ҳатто чексиз деб билинган дунё ХХI асрга келганда каттакон бир уйдек экани маълум бўлиб қолди. Бир пайтнинг ўзида бир неча мамлакатнинг ватандоши ва ҳатто “дунё граждани” деган тушунчалар пайдо бўлди. Лекин одамлар ўртасидаги мулоқот, уларнинг бир-бирларига, маданиятларига, қадриятларига бўлган муносабати ҳали-ҳалигача ижобий асосда тўлиқ ҳал қилинган эмас. Худди мана ерда ирқлару динлар, маданиятлару тиллар, дунёқарашу урф-одатлар қолипларидан баланд парвоз қила олган Жалолиддин Румий каби даҳо шоирларнинг борлиги, уларнинг мерослари башарият учун худди йўлчи юлдуз каби таъсир қилади, йўл кўрсатади, халоскорлик вазифасини ўтайди, менимча.
Мавлоно Румийдан бешта йирик ҳажмдаги асар қолган:
1. “Маънавий маснавий”.
2. “Катта девон” (“Девони Кабир”).
3. “Ичиндаги ичиндадир” (“Фийхи мо фихи”)
4. “Етти мажлис” (“Мажолиси сабъа”)
5. “Мактубот”
Шулардан “Маънавий маснавий” ҳажм ва маъно жиҳатидан энг салмоқлиси – олти дафтар(китоб)дан иборат муҳташам асардир. Шарқнинг яна бир улуғ мутасаввиф шоири Абдураҳмон Жомий мавлоно ҳақида шундай лутф қилади: “Китоби бор, вале пайғамбар эмас”.
Жалолиддин Румий ва унинг “Маснавий”си ҳақида Жомий ҳазратларидан ўтказиброқ бирон сўз айтиш маҳоллигини эътироф этганимиз ҳолда, унинг мазкур асарининг ўзбекча амалга оширилган янги, бебаҳо таржимаси атрофида ўз имконимиз доирасида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.
2.
Анча йиллар бурун интернетда бир таржимага кўзим тушди. Ўқисам, ҳақиқий ўзбекона жаранглаяпти: “Зўр-ку!” дедим ўзимга ўзим. Ахир, ўгирмадан каттагина парчани сўзликка бир марта ҳам қарамай тушуна олгандим. “Мана, ўзбекона ифодали таржима!”, дедим севиниб. Бу, шубҳасиз, таржимоннинг маҳоратидан, ютуғидан дарак эди.
Одил Икромгача “Маснавий”дек шоҳ асарнинг таржимаси йўқ эдими? Бор эди. Бўлганда қандоқ. Марҳум шоир Асқар Маҳкам унинг икки китобини изоҳлар билан ўз таржимасида эълон қилганди, афсуски, қолганига улгурмади – эрта қайтиш қилди. Ўзбекистон халқ шоири, улкан таржимон Жамол Камол “Маснавий”нинг тўлиқ таржимасини илк бор ўзбек ўқувчиларига тақдим этди. Унгача ҳам Жамол Камол ўзбек ўқувчиларини Румий олами билан таништириш йўлида кўп меҳнатлар қилиб, Радий Фиш қаламига мансуб “Жалолиддин Румий” номли биографик романни ва кўплаб рубоий, ғазалларини таржима қилган, даҳо шоирнинг бадиий оламига кириш учун замин тайёрлаган эди. Бироқ ҳақиқат ҳаққи айтиш лозимки, унинг “Маснавий” таржимасини ўқиганимда филолог бўлганим ҳолда, турли хил луғатларга бот-бот қарашга мажбур бўлгандим. Боз устига, бир байт, икки байт ўқиб, тин олиб, “нима дейилмоқда?” дея мушоҳада қилмоққа тутингандим – эслайман. Шунга қарамай, яна ўша ҳақиқат ҳаққи айтиш жоизки, Жамол Камол ва Асқар Маҳкам амалга оширган таржималар “Маснавий” деб аталган осмонўпар тоққа қўйилган дастлабки шарафли нарвонлар эди. Қолаверса, Асқар Маҳкам таржимаси жуда катта ва салмоқли изоҳлар билан амалга оширилаётган эди. Шу маънода, уни алоҳида бир таржима сифатида қабул қилиш лозим. Ҳа, улкан асарларнинг мана шундан хилма-хил таржималари бўлмоғи керак. Улар қайсидир маъноларда бир-бирларини тўлдиради.
Мана, ниҳоят, қўлимизда муаззам асарнинг учинчи – ўзбекча ўгирмаси турибди. Бунинг кўзга илк ташлангувчи хусусияти шуки, у чиндан ҳам ўзбекча ифодада жаранглаган. Натижада сиз маъно ипини қўлингизга маҳкам тутиб олдингизми, бас, йўлда қоқилмай, туртинмай, тўхтамай дадил илдамлай оласиз. Яъни янги ўгирмада аслий маъноларни етказиб беришда максимал даражадаги аниқликка интилиш мавжуд. Чунончи, асарнинг илк байти Одил Икром таржимасида қуйидагича жаранглайди:
Тингла, бу най не шикоят айлагай,
Айрилиқлардан ҳикоят айлагай.
Асқар Маҳкам таржимасида:
Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
Жамол Камол таржимасида:
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.
Барча таржималар бир-бирига яқин, айни пайтда, бари ўзича гўзал. Фақат Одил Икромнинг бошқа икки таржимадан фарқи шуки, у “Кўниё нусхаси”га суянгани учун “шикоят” билан “ҳикоят” сўзларининг ўрни алмашган. Унга кўра, най аввал шикоятни бошлайди, кейин эса шикоятига сабаб бўлган айрилиқ ҳақидаги ҳикоятларини сўзлайди. Бир қарашда таржималарда катта фарқ йўқ, лекин чуқурроқ мушоҳада қилинса, барибир, най аввал шикоятини бошлаб, сўнг айрилиқлар ҳақидаги ҳикоятга ўтгани мантиққа яқинроқдек туюлади.
Шунинг учун ҳам мен унга илк кез (журналда муҳаррир бўлиб ишлаётган вақтимда) дуч келишим билан ўша пайтда Тожикистонда яшаётган таржимонга хат ёзиб, бир парча юборсангиз, “Шарқ юлдузи”да эълон қиламиз дегандим. У юборганди, биз ҳам таржимадан каттагина парчани чоп этгандик. Кейинроқ, университетда дарс бериб юрган чоқларимда Одил акага яна хат ёзиб, олти дафтардан тайёр бўлган учтасининг электрон вариантларини сўраб олдимда, ҳар йили талабаларга ўқитиб бордим.
Мана, ниҳоят, Одил Икром улуғ ишни якунлабди!
Бу нафақат катта шоир ва улкан таржимон Одил Икромнинг, айни пайтда, ўзбек халқининг, миллатию тилидан қатъий назар, ўзбекча матн ўқий оладиган барча юртдошларимизнинг маънавий, адабий байрамидир!
Улуғ Навоий устози Румий ҳақида “Буюкликнинг кўз илғамас чўққиси” деган эди.
Чўққи томон юриш, у ердан туриб оламга тафаккур нигоҳини ташлаш барчамизга муборак бўлсин!
Азиз китобхон!
Руснинг улуғ адиби Фёдор Достоевский муҳим китобларни топиб ўқиш керак, қолганини ҳаётнинг ўзи жой-жойига қўяди, деган эди.
“Маънавий маснавий”, ҳеч шубҳа йўқки, ана шундай муҳим китоблардан бири! Энг муҳимларидан бири, унутманг!..
3.
Дўстимга дедимки, Румий ва Толстой учрашувини, суҳбатини тасаввур қилиб кўр!” У жавоб берди: “Тасаввур қилдим. Толстой савол беради, Румий эса жавоб”. Тўғри, Шарқнинг ҳамма саволларга жавоби бўлган ўша вақтда. Кейин эса ўйлаб кетдим: агар Толстойнинг замонида яшаганида Румий ҳам саволлардан иборат бўлиши мумкинмиди?.. Ҳа, мумкин эди. Чунки бу замонга келиб, илм, аниқ фанлар анча тараққий топган бўлиб, илгариги тайёр жавобларни саволларга айлантириб улгурган эди. Шунинг учун ҳам Толстойдек даҳо инсон динларни ҳам, илм-фанни ҳам узоқ мушоҳада қилиб, талай шафқатсиз саволларни кўндаланг қўйган эди. Ўйлайманки, бугун дунё Толстой бобо замонидан янада ўзгариб, мураккаблашиб кетди ва ҳозирда туғилаётган саволларнинг ниши янада ўткир бўлиб қолди. Бу ерда савол қўйган ҳам, жавоб берган ҳам тенгдир. Чунки янги савол қўйиш учун эски жавобнинг қониқарсиз бўлиб қолганини исбот қилиш керак бўлади-да. Бу эса жавобдан кам ҳодиса эмас. Кўринадики, ҳамма даврларнинг ўз румийу толстойларига эҳтиёжи бўлади. Демак, Румий даҳоси яратган маънавий мерос ўз даври учун ечим бўлган, шу билан бирга, чуқурроқ мушоҳада қилинса, дунё бугун ҳам ўша ечимларга жуда кўп масалаларда эҳтиёж туймоқда. Нега? Чунки инсон дунё билан беш асосий сезгиси орқали муносабатга киришар экан, яъни башар аҳли тубдан мутацияга учраб, унинг жисми, ўй-хаёли, эҳтиёжлари бутунлай эврилиб-ўзгариб кетмас экан, Румий каби даҳолар қолдирган мерос ўз аҳамиятини сақлаб қолаверади. Ўзгарган нарса асосан шаклда бўлади, шунинг учун ҳам ҳар замоннинг улуғлари Румийларга суянган ҳолда, ўз даврига мос ва хос шаклларда ўша ҳикматларни қайтадан яратади. Янгиланиш шу ерда бўлади, янгиланиш шундай бўлади. Донишмандлар: “Ҳар қандай янгилик яхши унутилган эскиликдир” дея бежтиз айтишмаган. Албатта, ҳаёт давом этар экан, янгидан янги кашфиётлар ҳам яратилаверади. Лекин ўша кашфиётлар ҳам шу чоққача униб-ўсиб келаётган ҳаёт дарахтининг биттадан янги шохлари бўлади. Ундан нари эмас. Ундан нари бўлиши учун, таъкидланганидек, инсон мутацияга учраб, унинг ҳаёти тубдан ўзгариши шарт.
4.
Ўтган минг йиликлар давомида пайғамбарлар фаолиятига тегинмаган ҳолда қараганимизда ҳам, башариятнинг сара хаёлпараст фарзандлари идеал давлат, идеал жамият, комил инсон ҳақида хаёл суришган, фикр юритишган, бу борадаги ғояларини ўртага ташлашган ( “Билгамиш”дан тортиб “Калила ва Димна”ю кўпдан кўп бошқа халқ эпосларига ўхшаш асарларнинг номаълум муаллифлари, Ҳомер, Суқрот, Афлотун, Арасту, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Данте, Румий, Аттор, Низомий, Навоий, Томас Мур, Толстой ва ҳ.к...). Амалиётчилари идеал давлат, идеал жамият қуриш ҳақидаги орзу-хаёлни амалга оширишга уриниб кўришган, қаердадир, қанчадир муддат бу ишни қисман уддалашган ҳам. Бироқ башариятнинг ўй-хаёли маиший ботқоққа ботиб қолганлари, яъни истеъмолчилари эса, хаёлпарасту амалиётчилар бунёд этганни бузганлар, бузмоқдалар ва яна бузадилар. Мана шу учликда Румий ва у сингари даҳолар кашф қилувчию бунёд этувчилардир. Шунинг учун ҳам уларга ҳамиша, ҳамма замонларда эҳтиёж бор, бўлади.
5.
ХIХ ва, айниқса, ХХ асрга келиб фақат шоир ёки ёзувчи бўлишнинг ўзи етмай қолди. Чунки илм-фан ривожланиб, уларнинг ютуқлари адабиётнинг битта қанотига айланди. Илм-фан ютуқларини ҳисобга олмай асар ёзиш эса, ижодкорнинг тездагина мисини чиқариб қўя бошлади. Эътибор беринг, бу ҳол, айниқса, ХХ асрга келганда янада кучайди. Лекин Румий ва у сингари айрим Шарқ даҳолари бу ишга Ўрта асрлардаёқ қўл ургани кишини ҳайратлантиради. Жуда эрта, тўғрими? Чунки улар ҳаётни, инсонни зоҳиринигина тасвирлаш билан чекланмаганлар, балки чуқур билим, кузатиш натижасида уни бадиий тадқиқ этганлар. Шунинг учун ҳам Гегель, Эрих Фромм, Зигмунд Фрейд каби дунё тан олган олимларнинг ишларида румийлар айтиб ўтиб кетган кўпдан кўп фикрлар, ғоялар, қарашлар ўз тасдиғини топган. Гегелнинг руҳ бирламчи бўлиб, кўриниб турган моддий дунё руҳлар оламининг сояси эканлиги ҳақидаги қарашлари Румий асарларида мавжуд. Эрих Фромм муайян муносабат билан ўз қарашларини илгари сурар экан, “Инсон қалби” деган китобида Румийдан каттагина иқтибос келтиради, Фрейднинг жинсий эҳтиёжнинг инсон ҳаётидаги улкан роли тўғрисидаги бутун бошли назарияси Румийнинг биргина “Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун у Мажнунга айланди” жумласидаги фикри билан ҳамоҳанглиги ва ҳоказо бунга ўхшаш кўплаб мисоллар мавлонининг одам ва одамни ўрганишда ўз давридан ниҳоят даражада илгарилаб кетганини англатади. Қолаверса, Румий бир пайтнинг ўзида инсонга руҳий, биологик ва ижтимоий илдизга эга мавжудод сифатида қарайди. Румий меросининг эскирмаётганини, аксинча, тобора – ҳар даврда уни энг илғор замондошлар сафига олиб чиқаётган сабаблардан бири ҳам айнан шу ерда – унинг улуғ мутасаввиф шоирлигидан ташқари, жуда катта қомусий олим эканлигидадир.
6.
Румийни етти ёшдан етмиш ёшгача – ҳиндудан инглизгача, арабдан япону форсдан турккача барчанинг бирдек тушуна олиши эса жуда улкан, ўлмас ҳақиқатларни содда бадиий шаклларда ифодалай олгани билан изоҳланади, менимча. Деярли ҳар қандай ижодкорнинг шундай бир орзуси борки, ёзган асарини кўпчилик тушуниб ўқиса, у ирқидан, жинсидан, эътиқодидан қатъий назар, аксар ўқувчиларни ўз оламига олиб кирса, уларга таъсир қилса, дейди. Буни ХХ асрда постмодернистлар ҳам орзу қилган эдилар. Буни бир ёзувчи сифатида мен ҳам ҳамиша орзу қилганман. Лекин буни қарангки, ХХ асрнинг постмодернизм каби илғор санъату адабиёт йўналишлари орзу қилган даражани неча юз йил бурун румийлар рўёбга чиқарганлар. Улар қолдирган мерос хос ўқувчига ҳам, авомга ҳам бирдек ёқаверади: уларни боғчалару мактаблардаги ўғил-қизларимиз қизиқарли ҳикоятлар тарзида ўқишади, саксон ёшли чолу кампирларнинг оғизларида ҳикматлар тарзида яшайди. Хулласи калом, Румий асарларидан ҳар бир ёш, ҳар бир савиядаги ўқувчи ўзига керакли мағизни топиб ҳузурланади. Ҳа, “Буюкликнинг кўз илғамас чўққиси”нинг тахминан ана шундай хусусиятлари бўлади.
7.
Биз Румий асарлари, айниқса, бугун – глобаллашув даврида жуда катта аҳамиятга эга, дедик. Чиндан, улуғ мутасаввиф ўз асарларида илгари сурган ғояларда замонавий дунё, замондош инсон дуч келиб турган кўплаб муаммоларнинг тайёр ечимлари яширин. Фақат буни кўра билиш керак. Кўриш учун эса, чин дилдан исташ лозим: ўз эгомиз хархашаларидан баланд кўтарила билишимиз шарт. Шу маънода, келинг, унинг маъно жавоҳирлари уммонларга қиёс этгулик “Маснавий” асарининг иккинчи дафтарига киритилган биргина ҳикоятини тушунишга ва замондош инсон ҳаётига шу ҳикмат ракурсидан туриб боқишга уриниб кўрайлик. “Мусо алайҳиссаломнинг чўпон муножотини инкор этгани” деган бўлим шундай бошланади:
Йўлда бир чўпонни учратди Мусо,
Дерди тинмай: “Эй Худойим! Эй Худо!
Қайдасан, то Сенга бўлсам бир малай,
Чориғинг чокин тикиб, сочинг тарай.
Ўлдириб бит, то ювай тўнингни ҳам,
Келтирай олдингга сут, эй Муҳташам!
Кел, оёғингни силаб, қўлдан ўпай,
Келса уйқу вақти, Сенга жой тўшай.
Сенга бор эчкимни қурбон айлагум!
Сени деб оҳ-зору туғён айлагум!”
Демак, чўпон ўз тушунчасидан келиб чиқиб Аллоҳга муножот қиляпти: Эй, Худойим, қаердасан, кел, мен сенинг малайинг бўлиб, чориғингни тикиб, сочингни тарай, тўнингни ювиб, оёғингни уқалаб, Сенга сут тутай, уйқунг келиб қолса, жой тўшаб берай!.. деяпти. Буни эшитиб қолган Мусо алайҳиссалом унга қараб дўқ уради:
Шул йўсин сўйларди чўпон нораво,
“Ким билан суҳбат бу?” – деб сўрди Мусо.
Деди: “Улки, бизни пайдо айламиш,
Ер билан осмонни барпо айламиш”.
Деди: “Ҳай-ҳай, сен гуноҳ қилдинг азим,
Муслим ўлмай, кофир ўлдинг, эй лаим!..
Кимсан – Мусо пайғамбар чўпон билан мулоқотда хатога йўл қўймоқда: Ҳақ таолога ундай муножот қилинмайди, У сенга ўхшаган одам эмас, деяпти. Натижада Чўпон хафа бўлиб, ўзи билган, таниган Ҳақ таолодан узоқлашиб, биёбонга чиқиб кетяпти.
Ушбу ҳикоятни ҳозирги давр тилига кўчирсак, яъни замонавий тушунчаларга таржима қилсак, қандай бўлади? Менимча, тахминан шундай: ҳозир ҳам одамлар бир-бирларини бошқачароқ бўлгани учун, ўзларига ўхшамагани, ўзга тилда сўзлашгани, бошқа динга эътиқод қилгани ва шу каби “бегоналик”лар учун ёмон кўришади, душманлик қилишади. Ҳатто битта динлар ўртасида ҳам турли туман мазҳаблар, секталар, йўналишлар мавжуд. Ҳамда улар бир-бирларини айнан ана шундай шакллардаги тафовутлар учун айблашади, фитналар уюштиришади, урушлар қилишади. Чунончи, кейинги ўттиз йил ичида Яқин Шарқ, Афғонистон, Украина, Африка, Босния, Кавказ каби мамалакат ва минтақаларда рўй берган қонли тўқнашувлар замирида сиёсий, иқтисодий, территориал, диний манфаатлардан ташқари бир-бирларини айнан бошқача бўлгани учун ҳам ўлдириш ҳоллари юз берди. Ҳануз юз бермоқда.
Ваҳоланки, Худонинг истаги бошқа эди демоқчи бўлади Румий, шунинг учун ҳам Ҳақ таоло Мусога танбеҳ беради:
Сўнг ваҳий келмиш Худодан: “Эй Мусо!
Бандамизни айладинг биздан жудо. 1750
Бандани қўшмоқ учун келганмисан
Ё уни тўсмоқ учун келганмисан?
Токи борсан, ўртага солма фироқ,
“Абғазу-л-ашёи инди ат-талоқ”.
Айладим ҳар кимга ўз тарзин ато,
Айладим ҳар кимга ўз арзин ато.
Яъни ҳар кимнинг ўз тарзи ва арзи бор, тўсқинлик қилма демоқда. Энди бир ўйлаб кўрайлик: сиз билан биз яшаётган замонавий дунё ҳар кимнинг ўз тарзию арзига нечоғли бағрикенг бўла оляпти?.. Жавобимиз нафақат қониқарсиз, айни пайтда, ғоят ачинарлидир. Бугун дунё халқлари ҳар қачонгидан-да толерант муносабатга муҳтож. Чунки у ҳар қачонгидан-да бир бирига жуда-жуда яқин келиб турибди. Бас, Румийлар меросларига қайтиб иш кўрмоқ айни муддаодир.
Ёки бўлмасам, Румийнинг ўша машҳур ҳикоятини эсга олайлик: одамлар Каъба қараб йўл олар экан, ким Марғибдан, ким Машриқдан, яна ким отдаю ким пиёда ҳаракатланади. Мағриблик Машриқлик билан, отдаги пиёда билан кела-келгунча “менинг йўлим тўғри, сеники эгри” дея талашиб-тортишади. Лекин Каъбага, Яратганнинг уйига келгач эса тортишувлар барҳам топади. Чунки улар ҳаммаларининг истаклари бир, ягона эканлигини тушуниб қоладилар. Худди шундай, бугунги замондаги кўпгина диний, сиёсий, иқтисодий ихтилофларнинг сабаби ҳам айнан мана шундай шаклларда холос. Ичкари-моҳиятда эса, одамлар акcар ҳолда бир нарсани хоҳлашади.
Толерантлик, яъни бағрикенглик бугун дунёга сув билан ҳаводек зарур. Ўзакда Қуръон асосига таянган ҳазрати Румий асарлари ўқувчини ана шундай бағрикенг бўлишга ундайди, ўргатади. Нима учун шундай бўлиш кераклигини ҳам тушунтиради, қуруқ панд-насиҳатлар билан эмас, балки ёрқин ҳикоятлар, рамзлар, мажозлар, бадиий образлар ёрдамида амалга оширади бу ишни. Такрор айтаман: Румий талқинидаги исломнинг бағри ниҳоятда кенг. Ислом динини, унинг муқаддас каломини таржимаю тафсир қилаётган замондош дунё олимлари Румий сингари парвози ниҳоятда юксак олимлардан ана шу бағрикенгликни ўрганишлари жуда-жуда муҳим, деб ўйлайман.
Шу маънода Румий асарлари ўқувчиларни шаклларга алданиб, бир-бирларига ёвлик қилмасликка, балъакс, ҳамма инсон бир ота-онадан – Одам Атою Момо Ҳаводан тарқаганини уқиб англашга ва шу англам асосида яшашга чақиради.
8.
Камина Туркияда таҳсил олиб юрган 1992-93 – йилларда уларнинг “Китоб фуар”ларига кириб оғзим очилган эди: дунёнинг мен билган, номини эшитган барча улуғларининг асарлари туркча таржимада, кириш сўзлари билан чоп этилиб, расталарга тахланиб қўйилганди. Ўша пайтда ўзимизда бўлмаган ва ҳатто ҳозиргача топиш қийин Берунийю Ибн Синоларнинг, Толстойу Достоевскийларнинг ҳамма асарларининг таржималари кўпжилдликлар шаклида, чиройли муқоваларда “манаман” деб турарди. Ўшанда мен турк ўқувчиларига ҳавас қилгандим. Хусусан, Жалолиддин Румий таржималарининг ҳам бир қанча вариантлари бор эди. Хуллас, биз талаба эдик ўша вақтлар. Юртимизга юзлаб китоблар билан қайтганмиз. Уларнинг орасида Мавлоно Румийнинг “Фийхи ма фихи” (“Ичиндаги ичиндадир”) асари ҳам бор эди. Келибоқ, унинг таржимасига киришганимиз ёдимда. Сўнг ҳазратнинг яна тўрт асари, жумладан, уларнинг энг маҳобатлиси, сараси – “Маснавий” қачон ўзбекчага ўгирилар экан, дея ўйлардик. Бугун ўзбек ўқувчилари ана шу орзуга Одил Икром таржимаси мисолида яна бир бор етиб турибди. Шу муносабат билан яна бир орзу қилсак ярашади – Румий ҳазратларининг ўзбекча жарангламаган сўнги асари – “Мактубот” ўз таржимонини кутмоқда.
Демак, миллатнинг ўсиб-униши учун дунёнинг етиб борган даражасидан хабардорлик керак. Бунинг учун эса, бизга барча улуғлар асарларининг соф ўзбек тилидаги жаранги зарур, сўнг шу пойдевор устига янги меросни қурсак арзийди. Шундагина биз қурган янги бино мустаҳкам, баланд ва энг муҳими, фойдали бўлади. Дунё етиб келган даражадан ғофил ҳолда нимадир қилишга уриниш эса велосипедни қайтадан кашф қилиб жар солишдек аянч ҳолдир.
9.
Муҳтарам, – миллатидан қатъий назар, – ўзбек тилида ўқиб-уққич ўқувчи!
Мадомики, сиз ушбу сўзларни ўқиётган экансиз, демак, қўлингизда шоирлар шоири, мутафаккирлар мутафаккири, олимлар олими бўлмиш мавлоно Жалолиддин Румийнинг шоҳ асари – “Маънавий маснавий” турибди. Бас, сизга ушбу муаззам асарни ўзбек тилида ўқиш муборак бўлсин! Шунингдек, ўқиганларингизни уқиш, уққанларингиз билан яшаш, яратиш бахти насиб қилсин! Ҳеч шубҳа йўқки, “Маънавий маснавий” дан баҳра олган инсон фақат ва фақат юксалади. Зеро, Румий “Маснавий”да илгари сурган ғоялар ўқувчини шакллару урф-одатлар, маҳдуд қарашлар қолипларини парчалаб, озод парвоз қилишга чақирадики, бугун қалқиб турган рўйи заминимизга айнан мана шундай бағрикенг юксалишлар, парвозлар сув билан ҳаводек зарур.
Улуғбек ҲАМДАМ,
2021 йил, куз.

- - -


< Orqaga qaytish