Жаҳон адабиёти


Marta o'qildi

"Ё,аввалдан, ё, оҳирдан учганман". шеърлар. Рамиз Равшан. Карим Баҳриев таржимаси.

Озарбайжон шеъриятининг ёрқин сиймоларидан бири Рамиз Равшан (Ramiz Rövşən) 1946 йилнинг 15 декабрида Бакуга яқин Амиржан қасабасида дунёга келган. У шоир, ёзувчи, эссеист, кинодраматург ва таржимон сифатида танилган.
1964-1969 йиллари Озарбайжон давлат университети филология факултетида таҳсил олган. 1976-78 йиллари Москвадаги олий ссенарийлари курсида ўқиди. 1971 йилдан Жаъфар Жабборли номидаги «Озарбайжонфильм» киностудиясида ишлай бошлади. Бугунги кунгача унинг ссенарийлари асосида 50 га яқин бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинган. 1992 йили Озарбайжон Таржима марказининг бош муҳаррири сифатида фаолият юрита бошлади. Рамиз Равшан таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди. У Александр Блок, Сергей Есенин, Владимир Маяковский, Марина Светаева шеърларини озарбайжон тилига таржима қилган. Шоир шеърлари жуда кўп тилларга, шу жумладан ўзбек тилига Хуршид Даврон, Карим Баҳриев ва бошқалар томонидан таржима қилинган.

05

ЯПРОҚ

Ўтди-кетди йигит ёшим,
Етдим умрим ярмисига.
Секин-секин энди бошим,
Ёнди юрак ярасига.

Бош устимда олам кулар,
Тўкилар ўтмишнинг кули,
Бу дунёнинг юзи кулар,
Оқи чиқар қорасига.

Сочимнинг ҳам ортар оқи,
Синар умримнинг бутоғи,
Бир барг каби айланаман
Яшилидан сариcига.

Бир саҳар кўрсам ўлимни,
Қўлимдан тушса қаламим,
Япроқ каби қўйинг мени
Вароқларнинг орасига…

ШУКУР

Шукур ҳар ўтган оқшомга,
Ҳар келган саҳарга шукур.
Шукур елкамда бошимга,
Бошимдаги қорга шукур.

Эшик тиқилласа, дейсан:
Жаллодмисан, ажалмисан?!
Ким бўсанг-да, хуш келибсан,
Ҳар келган қўноққа шукур.

Иста, бўйнимни болтала!…
Кетсам ҳам тупроқ остига,
Яна ҳам лаънат шайтонга,
Яна ҳам Аллоҳга шукур!!!

ТЕЛБА-ТЕСКАРИ ҚЎШИҚ

Ёзилмаган шеърларимни
Осарман умрим дорига.
Кезмаган шаҳарларимни
Отарман умрим сорига.

Тўйда йиғлагим келади,
Ғамда кулмоқ тутар мени.
Азада соғман, деб кулсам!..
Тўйда ўлмоқ тутар мени.

Мен ўлганда, мени балким
Бешикда оборар болам.
Бош устимда алла айтиб,
Қабримни тебратар онам…

СЎНГ НАФАС

Бу кимнинг сўнг нафасидир,
тегди, сийпанди юзимга?
Ким мени меҳмон айлади
ҳаросон сўнг нафасига?!
Олдим у сўнг нафасни мен,
Бўлдим унинг эгаси мен,
У сўнг нафас жигаримдан
ўтди исина-исина.
Кўп нарсани бердим елга,
Термуламан бўм-бўш қўлга,
Аммо ёндим бу дунёда
сўнг нафаснинг сўнг сўзина.
У сўнги сўз нима дерди?
У сўнг нафас нима дерди?
– Севин ўзингга, – дерди у, –
ўзингга севин, ўзингга!..

ДУНЁ

Жоним болам, бу дунё-ла ўйнашма,
Сен ёшсан, бу — эски олчоқ дунёдир.
Душман нима? Дўст уйини дўст бузар,
Билган билар, дунё қандоқ дунёдир…

Умру жонга эътибор йўқ азалдан,
Асло қайта япроқ бўлмас хазондан,
Бешигидан бизга тобут ясаган,
Беланчакдан кафан тиккан дунёдир.

Ким не англар бу золимнинг ишидан,
Қанча-қанча инсон ўтди тишидан,
Маҳкам ушла салласидан, бошидан,
Бошдан салла олиб қочган дунёдир.

ҚАРҒИШ

Бешикда, беланчакда
Эшитдик бу қарғишни:
«Кезмоққа – ғурбат ўлка,
Ўлмоққа Ватан яхши …»

Бир ғурбат ўлка кезмоқ
Тушмади пайимизга.
Бу Ватанни кафандек
Бичдилар бўйимизга.

Қайчилаб Оразни-да,
Оролни-да тортдилар.
Бу кафанни бир анча
Кесдилар, қиcқартдилар.

Кимнинг қўли чиққунча,
Кимнинг тили чиққунча
бу кафаннинг ёнидан,
Қўлини-да кесдилар,
Тилини-да кесдилар
шу Ватаннинг номидан.

…Бу кафанни бир оч, кўр:
ҳали биз тирик, Аллоҳ!
Бу оқ-оппоқ кафандан
бизга кўйлак тик, Аллоҳ!
Биз ҳам бандангмиз, ахир,
Бизга на дард, на ғам бер.
Ўлмоққамас, илоҳим,
Яшамоққа Ватан бер!..

МЕН БИР ЧАНГМАН, ТЎЗОНМАН

Кўк юзинда
тўзғиган бир чангман, тўзман мен,
Кўкдан ерга
Бўйлаган бир кўзман мен.
Мен бир кўзман,
Кипригим йўқ, қошим йўқ,
Мен бир тўзон,
Оёғим йўқ, бошим йўқ.
Ҳавас қилиб
Инсонига, ҳайвонига, қушига,
Тебранаман бу дунёнинг бошида.
Бир улкан чанг донасидек
Бу дунё ҳам тебранар
Минг-минг юлдуз орасида,
Бу дунёнинг ўзи тўзон,
Бу дунё тўз орасида,
Қуйиси ҳам, юқори ҳам
Тўзондир,
Бу дунёнинг
аввали ҳам,
охири ҳам
тўзондир.
Мен бир чангу тўзон, —
ким билар, ахир, қай ердан учганман,
Ё аввалдан,
ё охирдан учганман,
Ториққанман тўзон бўлмоқдан, илоҳим,
Тансиз, жонсиз ларзон бўлмоқдан, илоҳим.
Мен бир аёл ичида йиғилмоқни истайман.
Бу дунёда инсон каби туғилмоқни истайман.
Ўзимга бир жон истайман этдан-суякдан,
Кўз ёшидан,
тердан,
қондан,
иликдан.
Мен бир гардман, учарман кўк юзинда,
Не бўларким,
Озод эмас бу одам ер юзинда,
Сен бу жонсиз озодликни,
Кел, мендан ол, илоҳим,
Тез ол мени, қафасга сол, илоҳим!
Нафассизман –
Тез ол, менга нафас бер,
Нафасимга
бадан отли қафас бер,
Менга сас бер, —
Сасга қафас оғиз бер.
Менга сўз бер –
Сўзга қафас қоғоз бер!..

ЎЛИМ ШАРПАСИ

Оқшом пайт уйқудан тикка отилсанг,
юзингга бир ўлим шарпаси тушса,
Тўрдаги балиқдай тилинг тутилса,
сўзингга бир ўлим шарпаси тушса,
Хобгоҳда бағрингга ўтдай босилган
бир гўзал жононнинг сочидан тушса,
Ўтириб ҳар кеча шеър ёзадиган
у қора қаламнинг учидан тушса,
Тушса эшикдаги тут ёғочидан,
отангдан, онангдан, болангдан тушса,

Бир ўлим шарпаси тушса юзингга,
кўзгуда юзингни кўра олмассан,
Ўзинг ўз юзингга ҳасрат қилгандан
ҳеч кимнинг юзига кула олмассан,
«Ё бир тун, ё саҳар ўламан» дерсан,
бу тун ҳам, саҳар ҳам ўла олмассан,
Чиқиш, у шарпа-ла чиқишиб яша,
Қориш, у шарпа-ла қоришиб яша…

Яна қутқаролмас устингни ёпиб,
ёринг, бола-чақанг, ушоқларинг ҳам.
Ўлим шарпасидан битган ёғочнинг
шохлари солланар ёноқларингдан?!.
Сендан йироқ кетар дўстинг, қардошинг,
дувиллаб тўкилар япроқларинг ҳам.
Бирдан кўрарсанки, ҳаммага ётсан,
ғарибсан, ўзгасан ўз уйингда сен.
Билгинки, устига парда тортилган
бир синиқ кўзгусан ўз уйингда сен.
Ҳеч киши кўрмаган бир кўр кўзгусан,
ўзинг тирик ўлик ҳаросондирсан.
Энди на уйдасан, на-да қабрда,
ўйинг-ла қабрнинг орасиндасан.

Уйинг ва қабрингнинг эшиги бирдир,
ким чертар эшикни бу кундан энди?
Бу кундан ўйингга ким меҳмон бўлар,
ким кирар ичкари қабрингга сенинг?!.
Кулбанг бор, қабринг бор, яна не дардинг,
сиқма юрагингни, севин бир қадар.
Ўйингдан бир қадар роҳатли қабринг,
қабрингдан иссиқдир ўйинг бир қадар.
Бир оқшом қабрингда бир шам ёндириб,
исинсанг ўтига у ёнган шамнинг, —
Руҳингни кўрарсан шам ёруғида,
кўрарсанки, руҳинг санга ўхшамас.

Руҳинг ҳам ёт бўлса, жондош киминг бор,
сени ким соғинар, ахтарар энди?
Қўрқки, бу шуълага қурт-қуш йиғилар,
бас, юмгин кўзингни, у шамни сўндир.
На мулла лозимдир, на-да маросим,
Аллоҳ шу ҳолингда оборар сени.
Бир ўлим уйқусин иста Тангридан,
у уйқу дунёдан қўпорар сени.
…Воҳ, қачон бу шамни келиб ёндирган,
уйқудан уйғотган топилар сени…

   Карим Баҳриев таржимаси

Хуршид Даврон кутубхонаси

- - -


< Orqaga qaytish