Жаҳон адабиёти


Marta o'qildi

"Уйғонинг,бу йўлдан зар кажава-ла.."..шеърлар. Америка шоири Гекё Маринай.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида албан-америка шоири Гекё Маринай шеърларидан таркиб топган “46 саҳифа” китобининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда қатнашган ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар ушбу тўпламнинг мазмун-моҳияти билан танишди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Адҳамбек Алимбеков, Зуҳриддин Исомиддинов, Хосият Рустамова тўпламнинг таржимаси, ундан ўрин олган шеърларнинг бадиияти, умуман, мазкур адабий лойиҳа ҳақида батафсил сўз юритдилар.

Шеърият инсон руҳиятини мўъжизакор муҳитга олиб кирувчи, унга маънавий қувват бағишловчи сеҳрли олам саналади. Замонавий жаҳон шеъриятида ўз овозига эга бўлган шоир Жек Маринайнинг ҳис-туйғуларга таскин берувчи шеърлари илк бор китоб ҳолида адабиёт мухлисларига тақдим этилди. Бу шеърларни адабиёт ихлосмандларини Жек Маринайнинг инсон онг-шуурига яширинган, ўзликни ва ўзгани англашга кўмак берувчи шеърият, дейиш мумкин.

“46 саҳифа” китобини чоп этишга оид лойиҳа муаллифи – таниқли шоира Хосият Рустамова, масъул муҳаррир – Шавкат Одилжон, таржимонлар – Одил Икром, Музаффар Мирзоҳид.

Жек Маринай албан-америкалик шоир, ёзувчи, жаҳон адабиёти бўйича ўзининг илмий қарашларига эга бўлган мутахассис олим ва таржимон, адабий танқидчидир. У адабиётшунослик ва бадиий таржима бўйича ижтимоий фанлар доктори, жаҳон адабиёти бўйича магистр ва Далласдаги Техас университетининг адабиётшунослик йўналишида бакалаврлик дажарасига эга ижодкордир. Жек Маринай шеърият, журналистика, адабий танқидчилик ва бадиий таржима бўйича чоп этилган йигирма бешдан ортиқ китоб муаллифи ҳамдир. Унинг асарлари француз, немис, итальян, корейс, румин, рус, серб, испан, ўзбек, вьетнам, озарбайжон каби йигирмадан ортиқ тилларга ўгирилган. Жек Маринай бир қатор мамлакатларнинг ва халқаро миқёсда адабиётга оид таъсис этилган мукофотларнинг соҳибидир.

– Ҳар бир инсоннинг олдида қизил чизиқ бўлади, – деди адабий танқид хусусида ўз фикрларини билдирар экан Жек Маринай. – Бу холислик, ростгўйлик, ижодкор этикаси каби жиҳатлар билан бевосита боғлиқдир. Адабий асарни танқид қилганда, ана шу қизил чизиқдан ўтиб кетиш асло мумкин эмас. Акс ҳолда танқидчининг барча билдирган фикрлари унинг ўзига қарши ишлай бошлайди.

Учрашувда Жек Маринайнинг ўзбек адабиёти, умуман Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари ҳам биз учун жуда қизиқарли бўлди.

– Ўзбек адабиёти катта, залворли, кенг қамровли экани билан жаҳон адабиётида ўзига хос ўринга эга, – деди у учрашув чоғида. – Бундай таърифни ўзбек адибларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Машҳур ўзбек адиби Қўчқор Норқобил Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб АҚШнинг халқаро "Женима" мукофотига сазовор бўлгани буни яна бир карра намоён этмоқда. Юртингизга ташриф давомида Самарқандга бордим. Ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳам жаҳон адабиётига қуёш каби шундай нур сочиб турибди. Меҳмондўстликда, санъатда, озодаликда, оилага муносабатда Ўзбекистон дунёга намуна бўлишга арзийди. Мен ўзбек оилаларининг бутун дунёга ибрат эканига гувоҳ бўлдим. Юртингизга келганимда, Ўзбекистон ҳақидаги барча ижобий фикрларим бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бугун жаҳонга ўзини намоён этаётган янги Ўзбекистоннинг интилишларидан айтиш мумкинки, унинг келажаги порлоқдир.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

СЕНИНГ КЎЗЛАРИНГ

Дуситага бағишладим

Денгиз остидаги салтанатгача,
балиқлар лабида музлаган сас-ла
тушимга киради қадим оятлар
ва яна кўзларинг қувватланади
на кундуз, на кеча бўлолган пайтдан.
Нигоҳинг тушганда зулмоний кўкка,
сочилиб кетади менинг йўқлигим
баҳру уммон узра Ҳақ туҳфасидек.
Севгининг кўзлари Ҳомер кўзига
тушганда, кўрмоқдан кечган эди воз.
нигоҳларим билан сўйларман сенга
гўё денгиз қаърин яратиқлари
борлигин англатган каби денгизга.
Бўғизланган кундуз боис, эҳтимол,
ҳамон тимсоҳлардан қўрқар одамзод…
Энди чиғаноқлар битган шеърларни
ўқишдан бош тортар музтоғлар бари
ва ёғилиб борар ҳазин ёмғирлар,
йўлингда умримнинг кўланкалари.
Эрийди балиқлар ёдномалари
кўзингдан ёғилган оташлар сабаб.
Энди ривоятлар қолажак ёлғиз,
энди фақат қиш бор,
қори аччиқ қиш.

ҚАДРДОН

Ғурубнинг нурталош сукунатидан
ҳаловат топасан. Жилмаясан жим.
Қушнинг ини янглиғ юракларингда
қуш бўлиб сайрайди бир андуҳ
ва кулранг ғуборга тўлган хонангга
кириб келар зулмат одам шаклида.

Нега?
Нега сен бунчалар севасан қаттиқ
шеърлари қадрсиз қофиябозни?
Кунларни ғижимлаб борар бир қайғу,
умидлар эскирар тушлар мисоли.
Ўзингни ёқасан соғинч ўтида,
тонглардан қочасан, ваҳший тонглардан.
Эшикларинг ёпиқ, уйингда жой йўқ,
уни ишғол этмиш манҳус тилаклар.
Унга йўл тополмас илоҳий оҳанг.

Замин йўқ, само йўқ, қафаслар ичра
туйғуларинг хаёл суради сокин.
Энди кетолмассан, йўлларинг йитди,
вақтинг ҳам қолмади, аммо яшаш бор
тунларнинг тиғига дош бериб бунда
ва бўғзингга тиғдай қадалган сўзни
ичга ютиб яшаш даҳшати бордир.

Барча қотилларнинг афти бир хилдир,
барчаси кўзгудан боқади сенга.
Улар бўғизлайди овозларингни
надоматнинг совуқ тиғлари билан
вале шамолларинг тирикдир ҳамон,
ҳамон оловларинг бунда собитдир.
Сени кул қилмоққа қанча кун бордир,
ҳамон олисларда сени унутиб,
бордир сени қўмсаб, ичиккан шоир.

ШКОДЕРГА

Бу кеча ёпмагил деразаларни,
ҳис этай осмоннинг ҳаяжонларин.
Муҳожир қушларнинг маҳзун куйидек
“Шкодер, Шкодер” – гуноҳкор йиғи.

Бу кеча ёқмагил шамларни, дўстим,
Шундоқ ҳам Розафа соғинчи ичра
ёққаним – гулханлар таратар шуъла,
охирзамон қуёши мисол.

Бўғзингдан тўкилар синиққанот сўз,
сен эса учмоқни истайсан эркин.
Қисмат тишларида янчилган Мигьен,
қонинг шеъриятдай пок ва ҳалолдир.

Соғинч кечасини ёритар умид,
кетмоқни истамас муҳожир зулмат.
Ташнаман, қонимни сўрар қайғулар,
йўл эса узоқдир, жуда ҳам узоқ.

1973, 23 СЕНТЯБР

Дебора Ҳардингга бағишланади.

Пабло Неруда ўлди.
Телевизорни ўчираркан,
кўрдимки,
тошга айланганди тўкилган кўзёш
ва синди ортимда барча дераза.
Синиқ ойналардан шовиллаб кирди
хонамга фарёд.

КЎРИНАДИ ҲА ЛОНГ БАЙ*

I
Англашимча, Ҳа Лонг Бай исбот эрур
Яратганнинг мавжудлигига
ва унинг қўйнида кезган ёмғирлар
денгизларнинг волидасидир.
Бунда илиқ тупроқ бағрида
тўлғониб ётади болиғ табиат.

Ороллар қалбларга менгзайди бунда
ва қалблар оролга кетади ўхшаб.
Ҳар япроқ бир ишқий шеърдай солланар
шамол – илоҳий куй оҳангларида.

Сенинг тушларинга қоришар бари,
ташбеҳу сукунат, мавҳум нафосат.
Исминг кенгликларин зиёрат айлар
овоз ўлкасида муҳожир лаблар.
Бир олам гуллайди ҳар бир ҳарфнинг
қадим ва пурзиё ибтидосида
ва шабнамлар шаклин ўзгартираркан,
денгизга дўнади сукут кўлкаси.
Уммонлар сасланар ўз шевасида:
Хуш келдинг…
соҳилга тушар изларинг.
Қаршинга чиқади Ҳа Лонг Бай шодмон
қўлида кўтариб қадим куллиёт.

II
Шу қадар яқиндир сенга Ҳа Лонг Бай,
тиниқ кўринади энг туби қадар
ва кўзни шамғалат қилган ғамларинг
аригач, намоён бўлгайдир жаннат –
туясан, димоғинг ичра кезинар
самофий фараҳнинг хуш ифорлари.

Тингла, янграётир қадим оҳанглар –
юрак уришларинг маромига хос
ва унинг остида рақс этар руҳинг.
Воқелик рўёга дўнаркан бунда
рўёлар кўринар ҳақиқат бўлиб.

III
Заҳмат чекма
қайта яралмоқлик ташвишлари-ла
зеро, бунда ястаниб ётар – Ҳа Лонг Бай –
Ҳақнингсийратидан тўкилган зиё.

Рутубат қоплаган ҳазин ўлкалар
ўрай бошлар экан сенинг тегрангни
хаёлинга келгай нур чақмоғида
тошларин моҳ босган қадим Ирландия.

Гилгамиш – сўзлар ва шеърият фарқин
ундан сўнг англадик,
биз билдик ўзни
ва унинг афсона аталмиш умри
ҳамон жон бағишлар асотирларга.
Шуларни ўйларкан, беихтиёр сен
ўқишни истайсан “Ахлоқнома” ни.

Эй инжа ҳуснини ранглар остига
яшириб, жаннатдан берганлар хабар!
Уйғонинг,
бу йўлдан зар кажава-ла
Тангри ўтиб борар,
бўлингиз огоҳ!

“Инжил” эсиб борар шамоллар билан,
ровийлар тирилар, тиллари узра
қайнарди Ҳазрати Сулаймон ҳақда
афсона ва унинг илдизларини
суғориб туради “Муқаддас шеърлар”.

Яратган нигоҳи – қутлуғ мангулик
ёйилиб бораркан, коинот аро –
сен, менинг сасимдан асло ҳайиқмай
қалқиниб турибсан мисоли сароб –
эй танҳо жаннатим, Ҳа Лонг Бай.
——————————-
* Ветнамдаги порт шаҳар.

ХАЁЛОТ ЛАВҲАЛАРИ

Қиёфалар йўл олганда
фасллардан айро боғларга,
ўзига юзлашиб танимай ўтар –
у киши телбавор кетиб бораркан,
тушларнинг қаърида эканин билмай,
хаёл деворлари узра тебранар
рангсиз лавҳалар.

Ерга томон ўсган пурвиқор минор
йўққа чиқаради зулмат тарихин
ва учмас гиламлар сайр этар энди
саҳнадан яралган олчоқ дунёда.
Суякдан тикланган қасрлар – виқор,
уларга элтгувчи йўлда жим борар
ўзини танимай ўтган бир кимса.

ОНА СЎЙЛАР ШОИР ЎҒЛИГА

Кичик, нурсиз юзинг ўхшатса бўлар
олхўрининг гулларига ҳам;

фақат у гулларнинг ширин меваси
дафн этилгандир қароғларимга.
Сен уларни кашф этмоқлик учун
отланасан.
Сафаринг олис.

Сен улғайиб бординг изларинг билан,
югурдинг камалак саҳни узра шаън
қўлингда силкитиб қайғу гулларин.
Аммо билмас эдинг, камалак ҳаргиз
ўйлаганинг каби яссимаслигин.
Сен буни англагач аччиқ йиғладинг.

Ҳозир на йиғларсан, на югурарсан,
энди бордир сенинг сўз – камалагинг.
Ахир, бу гўзаллик эмасми, ўғлим?
Фақат унутмагил, бу камалакка
сени қайси қадоқ қўллар юксалтганини.

СОВУҚ САҲРОЛАРГА КЕТАЙЛИК

Ойнинг қора ярмига қондошдир улар,
одамларнинг қайғуси-ла қиёфадошдир.
Чўккан қалблар каби ҳорғин
унсиз саҳролар
санайди сабрнинг энг сўнгги чақаларини:
Надомат бисоти боради бойиб,
фоҳиша баҳорлар берган эҳсондан.
Шу қадар совуқдир улар, шу қадар –
сенинг кўз ёшларинг қолади музлаб.

Инглиз тилидан Мирзоҳид Музаффар таржималари

Таржимон ҳақида: Мирзоҳид Музаффар – 1999 йил Тошкент вилоятида туғилган. Инглиз, турк, озарбайжон ва француз тилларидан бир қанча дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олиш билан бирга “Тошкент ҳақиқати” газетасида фаолият юритади.

uzauz

  Yuklab olish uchun bosing

< Orqaga qaytish