Шеърият


Marta o'qildi

"Ҳали бу - ҳаётнинг қораламаси".. шеърлар. Ойдиннисо

 

Юриб кетмакдаман

тақдир оралаб,
Кечиб ўтмакдаман
хоҳ сув, хоҳ гирдоб.
Ҳали олдиндадир
ҳамма-ҳаммаси,
Ҳали бу –
ҳаётнинг қораламаси.

Гар тўлиб қолмаса
умр дафтарим,
Сиёҳи битмаса агар
дил қаърин,
Чиқиб кетмасам гар
мен ўз ёдимдан,
Битта софлик қолса
шу ҳаётимдан,

Ўшанда
умримга бергайман сайқал,
Қолмагай бирор гард ё
тугун, чигал.
Кирчин ёзуқларни бўяб
шошмасдан
Росмана ҳаётни
кечиргум бошдан.

Ҳали олдиндадир
ҳамма-ҳаммаси,
Ҳали бу –
ҳаётнинг қораламаси...

@Oydinniso_Yuldosheva

OYDINNISO, [22.01.2022 18:11]
АЛЛА

Қуёшни уйғотдим, болам,
Дилингга нур инсин деб.
Саратонда ёғди жолам,
Дилинг ўсиб-унсин деб.
Бўйинг ўссин, дилинг ўссин,
Алла болам, алла-ё.
Сенинг билан элинг ўссин,
Дашту далам, алла-ё.

Томчидирсан, тилаб олдим,
Соҳили йўқ денгиз бўл.
Тубсизликда, теранликда
Охири йўқ тенгсиз бўл.
Тошқин болам, тўлқин болам,
Дур- гавҳарим, алла-ё.
Куну тунни мавжлантирган
Нур-жавҳарим, алла-ё.

Менинг энг рост ёлғонимсан,
Тасаллисан дунёга.
Авж пардали фиғонимсан,
Ўрлагайсан самога.
Дунё болам, зиё болам,
Йўғу борим, алла-ё,
Ҳалол ҳисдан ҳалол бунёд,
Номус-орим, алла-ё.

Ўсгин, болам, меҳр эмиб,
Сеҳр эмиб завққа тўл.
Сен девларни ўлдирмагин,
Меҳринг билан таслим қил.
Меҳр болам, сеҳр болам,
Эр султоним, алла-ё.
Икки дунни эртак айлар
Қаҳрамоним, алла-ё.

Назар сўрдим Яратгандан,
Солиҳ бўлу Комрон бўл.
Юрагимга қўнган икки
Бахт қушларим, омон бўл.
Бўйинг ўссин, дилинг ўссин,
Тоғ-довоним, алла-ё.
Сенинг билан элинг ўссин,
Кенг жаҳоним, алла-ё.

2016 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

Тушунаман ҳаммадан кўпроқ,

Тушунаман ҳаммани, бироқ,
Тушунмайман ўзимни зинҳор.
Ўзимгача йўл жуда йироқ,
Менга мени тушунтир, эй ёр!

Ўйламасам, фақат ҳис этсам,
Бошдан оёқ ҳис бўлиб кетсам,
Бари гўзал! Мислсиз гўзал!
Ўйлаб қўйсам, изласам ечим,
Даҳшат-ку бу тақдири азал!

Баландми, паст мен ошган ҳадлар,
Ҳадми ўзи баланду пастлар?
Менга мени тушунтириб бер!
Йўлдан чиқдим, чиққан менми, ё
Сиғиб бўлмас қадар торми ер?

Ҳаётимда кемтикларим кўп,
Аскар ўғил меҳр-ла тишлаб,
Қўлга тутган қадрли нондай –
Кемтикларим ҳаётимда кўп.
Шонсизликни асрайман шондай.

Деразамга ўзин урар қуш,
Ўзин уриб йиқилар беҳуш.
Қушнинг жони оғришин эмас,
Шунчаки бир қушлигин ўйлаб,
Боқиб қўйдим оламга беҳис.

Менга мени тушунтириб бер,
Юлдузимда жимирлар не сир?
Кўргуликлар истарлар нени –
Тобора мен бойми ё фақир?
Эй дўст, менга тушунтир мени!

2019 йил

@Oydinniso_Yuldosheva


***
Менга тўлиб кетган олти томоним,
кўксин ерга бериб увлаётган – мен
Ва битта ўткинчи севги баҳона
йиғлаганим учун кулаётган – мен.

Йўл четида бадмаст ағанаб ётиб,
хорлик ичра беҳуш яйраётган – мен,
Ўзимдан жирканиб ё раҳмим келиб,
“Эссиз одам-а!” деб қараётган – мен.

Ширин сувли дарё, шўр сувли денгиз,
бир танда қоришмай оқаётган – мен,
Сўнгги васияту илк айтилган сўз,
Ҳар заррамга ҳайрон боқаётган – мен.

Бир майса ҳаёти мўъжизасини
ҳис этиб, Худони таниётган – мен.
Дунёни титратган кўзёш сасини
тинглаёлмай, қалбсиз танда ётган – мен.

Дунёда кимки бор, ҳаммаси ўзим,
мендаги ҳаммани “сиз”лаётган – мен.
Мен тўла вужудни менсиз кезиб жим,
Ўзимдан ўзимни излаётган – мен.

2020 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

***

Шеър ёзайми сиз ҳақингизда?
Истагингиз бор-йўғи шуми?
Бир шеър борки, сиғмайди сўзга,
Тушунмайсиз сира сиз уни.

Қаранг, кўзлар ўқилмоққа шай –
Энг нозик сир сиз ҳақингизда.
Кўзёшларим тўкилмоққа шай
Энг мунгли шеър сиз ҳақингизда.

Ҳақингизда чалади юрак
Ҳар торини, ҳар бир зорини.
Тўқиб мурод-мақсадсиз эртак
Хаёл тўкиб-солар борини.

Тушим, ўнгим, нафасим, изим
Сизни куйлар асардан бир боб.
Ўқимайсиз, ахир мен ўзим
Сиз ҳақдаги бир бутун китоб.

2016 йил

@Oydinniso_Yuldosheva


ИККИМИЗ

Иккимиз бир тушмиз ва битта юлдуз,

Иккимиз тун сабаб янаям порлоқ.
Айри кўрган сари бизни икки кўз,
Бирлашиб борамиз иккимиз кўпроқ.

Иккимиз бир оҳанг ва битта сархуш,
Йиғими, кулгими – бахш этар ҳаёт.
Иккимиз бир кўкда парвоз этган қуш,
Иккимиз битта қуш ва бир жуфт қанот.

Бир елкамиз баҳор, бири куздадир,
Чарх урамиз ҳатто бир қанот ила.
Иккимиз билган эрк таъми биздадир,
Чарх урамиз, жоним, ўшал ёд ила.

Иккимиз бир йўлмиз, битта боши берк,
Қад ростлаган фақат бизнинг қасримиз.
Иккимиз бир тутқун, иккимиз бир эрк,
Иккимиздан бунёд тарих, асримиз.

Назму наср бўлиб янграймиз беун,
Иккимиз бир мавзу, иккимиз бир сир.
Иккимиз – Биз эмас, иккимиз бир – Мен,
Эҳ, фақат... иккимиз иккита тақдир...

2019 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

АРАФА

Инсон моҳиятини очиш, ҳаёт парадоксларини тафтиш этиш, руҳиятнинг олис-олисларига кириб бориш Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойдиннисога хосдир. Буларнинг бари мутаносиб ифодалар сатҳида рўй беради. Ушбу китобдаги шеърлар муаллифнинг шафқатсиз иқрорлари каби ўқилади. Иқрор деган сўз ўқувчини қўрқитмасин, у муҳаббатга ҳам, бахтга ҳам тегишлидир. Аслида ҳар қандай иқрорда жозиб куч бор, жоду бор. У кучнинг номи эса самимият.

Муаллиф – Ойдиннисо
Муҳаррир – Одил Икром
Бадиий муҳаррир – Баҳриддин Бозоров
Саҳифаловчи – Иномжон Ўсаров
Нашриёт – “Ойдин”
Aдади – 1000 нусха

***

Бир сўз айтайин деб
юрак ютгандим,
Мени ютиб олди
ютилган юрак.
Мен ақлимдан оздим,
чўпдайин оздим,
Ақлим аразлаган мендан,
мен ҳалак.

Озиқланмас ақлим,
ором олмайди,
Қўймас чангалидан
айтар сўзимни.
Бошдан оёғимда
юрак ўйнайди,
Мен қайга қўярим билмам
ўзимни.

Тўлишарми энди
бу ақлгинам,
Ё бўларми
сўзни унингсиз айтиб?
Ҳовучлаб ютилган
юрагим билан
Мен
икки дунёдан қоляпман ортиб.


@Oydinniso_Yuldosheva


Ой – сариқ чақа.
Болаликда
севган қизи совға қилган уни
Осмонга.

Кундузи кўзлардан яширади
уни Осмон,
тунда томоша қилади
кўксига тақиб.

Унинг дили хуфтон бўлмасин, дея
юзини яшириб йиғлайди,
йиғлагиси келиб қолса мабодо.

Ой – сариқ чақа.
Юзи доғли
сариқ чақачалик эмас
Осмонга менинг қадрим.

@Oydinniso_Yuldosheva

***
Сенинг жонинг оғрир,
оғрийди кўнглим,
Ҳаққим йўқ
хавотир олмоққа сендан.
Сени йўқламоққа,
борламоққа ҳам,
Ҳатто
ранжимоққа ҳаққим йўқ бундан.

Балки оғригансан
мени соғиниб,
Ҳаққим йўқ
кўнглингга бўйлаб кўрмоққа.
Ҳаққим йўқ йиғлашга
сен деб оғриниб,
Ва ҳатто
бу ҳақда ўйлаб кўрмоққа.

Ҳаққим йўқ ишларга
кўмилгим келар,
Айтгил, нима қилай
мен ҳадсиз одам.
Сенли орзуларга
чўмилгим келар,
Ҳақдан сўролмайман
мен ҳақсиз одам.

@Oydinniso_Yuldosheva

Оёқ-қўлларимдан кишандай ечиб,
Мангу ўргимчаклар – ақл тўрларин.
Мен рақсга тушаман ўзимдан кечиб,
Туганмас қўшиқдир товушлар бари.

Етти сайёрадан қуйилар оҳанг,
Само само эмас, илоҳий саҳна.
Замин — юрагини дуога очган –
Қизини бағридан учирган она.

Ўйлар тошқинини бирма-бир тўкиб,
Мен рақсга тушаман, қолгани рўё.
Мен рақсга тушаман дунёни тепиб,
Мендан шафқат сўрар бешафқат дунё.


@Oydinniso_Yuldosheva

***
Айбга буюрманг,
яшаб юрибман шундай.

Мактубман ахир –
чексиз ҳаяжонда битилган
хатолар ила –
адашиб жўнатилган бегона манзилга –
эгасини топмаган ҳамон.

Хатоларни тузатай десам,
бўялиб кетади пешонам.
(Ўчирғичнинг
кучи етмас ўчиргали).

Қўрқаман
шу ҳолимча тушиб қолишдан
эгамнинг қўлига –
ҳаётнинг бағрига отолмайман ўзимни
ғижимлаб.

Йиртилиб,
йўқолиб кетайми десам,
яшагим келар...

Қайта ёзолмайман ўзимни –
Ҳатто Яратган ҳам
қисматларни битмас қайтадан.

Айбга буюрманг,
Яшаб юрибман шундай –
хатоларим ила.

2017 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

***

Ўн биринчи апрель, яшаяпсанми?
Наҳот хотирага дўнмадинг ҳамон?
Бу ҳаёт йўқотиб қўйди ҳадянгни,
Кечиргил, у йўқдир, мен эса борман.

Бормиз, на мен менман, на сен сендирсан,
Ўртамизда у йўқ, ёнар борлиғим.
Нега эскирмайди унинг йўқлиги,
Нега эскирмайди сенинг борлигинг?

Ўн биринчи апрель, келаяпсанми?
Келмасанг ҳам майли, келмагин, шошма,
Кундан кун улғайиб бораяпман мен,
Онам эса ҳамон эллик уч ёшда.

Келсанг ҳам, барибир эллик уч ёшда...

@Oydinniso_Yuldosheva

* * *
Юрагимга кирдинг орзудай сирли,
Изингни беркитиб туришди қорлар,
Қай йўлдан
қайларга чекинди, билмам,
Дилимни силаган орзу-хаёллар.

Кўзларимга тўлдинг кўзёшдай тоза,
Буткул ғойиб бўлди бир гуноҳ ҳисси –
Гарчи димоғларни ачитди роса,
Айб каби таралган
бахт иси.

Озод одамларга қилса-да ҳамла
Қафасларни ёриб чиққан тутқунлик,
Лабларимга тотли бир бўса
ҳамда
Озод кулгу каби қўндинг, бутунлик.

Гарчи димоғимга келади босиб
Ўтмишда узганинг турфа гулларнинг
Қочиб улгурмаган турфа хил иси,
Дунёда энг сўлим гўша –
қўлларинг.

Дунёнинг энг бахтли жойи бағрингдир,
Кирдим тонгдай отиб, кундай ботишга.
Розиман, аввалим,
розиман ахир,
Бағрингда то охир йиғлаб ётишга.

2019 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

***
Нима содир бўлди, жавоб берар ким?
Не кезар ҳавода эркалаб, эрка?
Айрилиқ онида ҳўплаб ҳавони,
ширакайф одамдай кулар малика.

Осмоннинг ортига ўзини урар,
Уятдан юзлари қизарган қуёш.
Булутлар ўзидан тошиб кўпирар,
Булутлигин қилиб, тўколмас кўзёш.

Исм излайдими туйғуларига,
Китоб варақлайди шамол бетиним.
Қилар ишни қилиб қўйиб, барига
кулиб қарар апрель, жавоб берар ким?

@Oydinniso_Yuldosheva

Телба-одамлар ва одамликдан чиққан телбалар тилидан 101 битик

(Туркум)


61- битик

Туғилган куним билан
табриклайман Сизни,
одамлар!

Ким севарди Сизни
мен туғилмасам?

Ким туғилар эди
туғилганини пайқамаган
одамларни
севиш учун?

Ким ўларди
агар мен туғилмасам?

Ким ўлиб берарди
ҳар лаҳзада бир –
нафрат эмас,
муҳаббат эмас,
шунчаки бир бепарволикдан?

@Oydinniso_Yuldosheva

* * *
Латифалар айтма ўлик қошида.
Музлаган чеҳранинг лабида қотган
жонсиз табассумнинг ортига
яширмагин қонли қўлингни
ва қонли дилингни.

Яқинроқ кел
тобут – жисмимга,
Бир дам сукут сақла
ўзинг ўлдириб қўйган
ичимдаги ўлик қошида.
Шунчаки нафас ол,
нафас ол,
нафас!

Нурдан ҳайиқувчи
ҳар қандай одам
ойнинг совуқ нурларига
тик боққанидай,
Фақат ўликларга
рост сўзлаш мумкин,
Ахир ўликларга мумкин ишониш.
Латифалар айтма!

Кел, ризолик сўра,
афсусингни чек,
Ўзинг тўқиб,
ўзинг ишониб юрган
ғамгин эртакларинг айтиб бер унга.
Айтиб ол,
тирикларга сира айта олмаган
бор ростингни,
бор ёлғонингни,
ҳатто севишингни айтиб ол тўйиб!

Ахир ўликларнинг қошида
рост сўзлаши мумкин ҳар қандай одам.
Тирилиши мумкин ҳар қандай одам
фақат ўликларнинг қошида.

Кел,
қучиб ол тобут – жисмимни,
нафас олиб ўтир, шунчаки
тирилишга муштоқ ўлик қошида.
Нафас олиб ўтир,
Исонафасим!


2021йил

@Oydinniso_Yuldosheva

***

Мен кетаман,
дилда қувват йўқ –
На кечишга,
на кечиришга.
Ўртамизда сўз бор,
журъат йўқ –
На айтишга,
на ўчиришга.

Мен кетаман,
сенинг пир бўлган
Ҳафсалангга
мурид тутиниб.
На бедору
на уйқу инган
Кўзларимга
бир туш ўтиниб.

Мен кетаман,
қалбим қолади –
Собир кетиб,
қолгандай сабр.
Ва кўксингда
қабрим қолади –
Тупроғи
ҳеч совимас қабр.

Мен кетаман,
тушун, ҳолим йўқ,
На кечишга,
на кечиришга...

2021 йил

@Oydinniso_Yuldosheva

***
Юракда орзу бор: “Шундай яшасак,
сиримиз ғунчадай очилган сайин
юзимиз тобора ёришиб борса!”
деган бир орзу бор юракда тайин.

Ва яна армон бор – ойнинг юзига
ёпилган этакдай очилган бир сир
ҳақида армон бор. Ва ҳар сўзингга
ишонмоқ истаган мен борман ахир.

Ишонмоққа тайёр мен борман, ишон,
Буюк ёлғон ила тўлса-да олам.
Ахир... ортиқ қандай яшаши мумкин,
Фақат ғамингни еб кун кўрган одам?

Ёнаётган кўнгил ҳоврин босгали
ичмоққа қасам бор беқасам кунда.
Азизим, азизим, демакки ҳали
яшаб туриш учун ҳар не бор бунда.

Сен қасам ичасан, мен ғаминг ейман,
Ичган сари ташна, еган сари оч
иккита кўнгил бор. Ва бордир яна
“ишон” деган сўзда жон берган ишонч..

Oydinniso_Yuldosheva

OYDINNISO, [17.05.2022 1:34]

***
Ёриқ пешонамда
энг ёруғ битик,
Чандиққа битилган исминг
ёртими?
Нега қисматимга
боқолмайсан тик,
Шу эски чандиқлар
исминг ёрдими?
Сени
юрагимга битганман ахир,
Ҳар лаҳза
учмоққа шайланган Жонқуш,
Тўхта,
кўзларимдан ўқиб кўргин сир:
(Сенсиз)
Битиклари ғиж-ғиж
ҳаётим бўм-бўш!

Сендан кетсам,
сенга ошиқдим тинмай,
Оёқларим синса,
қанотим ўсди.
Инон шубҳа қилмай,
инон ўкинмай,
Ой сира йитмади,
булутлар тўсди.
Кўзим ёшларида
кўринар аксинг,
Лабим хандалари –
ўтмишдан бир туш.
Вайрона қалбимга
кўмилган ганжим,
(Наҳот)
Кўнглингга қўл солсам,
ҳовучим бўм-бўш!

2021 йил

Ойдиннисо Йўлдошева

Oydinniso Telegram kanalidan olindi.

- - -


< Orqaga qaytish